Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари 2000 доллар пора билан ушланди — видео
Жиззах шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари қурилиш бўйича тендерни олиб бериш учун тадбиркордан 2000 доллар олаётган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда «Yangi davr» информацион дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, 6 май куни Жиззах шаҳар ҳокимининг молиявий-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари шаҳар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи 2 минг доллар пора олаётган пайти қўлга олинган. У тадбиркорга шаҳардаги ижтимоий соҳа объектларида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш бўйича ўтказиладиган тердер савдоларини олиб бериш эвазига ундан 2 минг доллар талаб қилган.
Ҳоким биринчи ўринбосари кечки пайт Жиззах шаҳри Жиззахлик маҳалласи ҳудудида 2 минг долларни ўзи бошқарувидаги «Gentra» машинасининг орқа юк хонасига қўйган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Аввалроқ Гулистон ҳокими ўринбосари рўйхатда турувчи аёлдан пора олаётган пайтда ушлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Андижонда аввал судланган ҳокимият ходими пора билан қўлга тушгани маълум қилинган.