ЖССТ коронавирус пандемиясининг болалар учун жиддий хавфини маълум қилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 36 мамлакатда ўтказилган тадқиқотда коронавирус пандемияси 6 ёшдан 9 ёшгача бўлган ҳар учинчи болада ортиқча вазнга сабаб бўлганини хабар қилди. Бу ҳақда ЖССТнинг янги ҳисоботига таяниб, «EurekAlert» хабар қилди.

«Ортиқча вазн ва семириш ҳаёт учун хавфли бўлган диабет, саратон ва юрак-қон томир касалликларини келтирииб чиқаради. Биз болаларда ортиқча вазнни камайтиришга қаратилган стратегияни амалга оширишимиз ҳамда соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолиятни тарғиб қилишимиз керак», — дея маълум қилган ЖССТнинг Европа бўйича минтақавий директори Ханс Клуге.
Тадқиқотга кўра, Греция, Италия, Португалия, Испания ва Словенияда ЖССТ томонидан семириш кўрсаткичларини енгишга ёрдам берадиган, масалан, ширин ичимликларга солиқ солиш, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш бўйича чекловлар ва жисмоний тарбия машғулотларини амалга ошириш натижасида болалар орасида ортиқча вазн ва семириш кўрсаткичи камайган. Шу сабабли ташкилот пандемия даврида болаларда семиришнинг олдини олиш стратегиясини устувор вазифага айлантириш зарурлигини қайд этган.
Ташкилот, шунингдек, пандемиядаги бир неча ойлик чекловлар катталар орасида ҳам вазн ортишига олиб келганини хабар қилган.
Аввалроқ ЖССТ Ҳиндистондаги коронавирус штамми дунё учун муаммога айланишидан огоҳлантирганди. Шунингдек, ЖССТ дунё аҳолисини 2022 йилда эмлаш учун қанча маблағ кераклигини маълум қилган.
