Ўзбек-қирғиз чегарасида 13 май, пайшанба куни маҳаллий аҳоли ўртасида зиддият келиб чиқди. Бу ҳақда «Sputnik Қирғизистон» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Маълум қилинишича, Сой (Қирғизистон) ва Чашма (Ўзбекистон) қишлоқларининг икки аҳолиси 13 май куни ўзаро жанжаллашган. Шундан кейин одамлар чегара ҳудудида тўпланган. Аммо вазият тинчлик билан якунланган.

«Маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари бунга тезкор муносабат билдирди ва фуқароларни тинчлантирди», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, қишлоқ аҳолиси яраштирилганидан сўнг йиғилганларнинг барчаси уйига тарқалган. Ҳозирда вазият барқарор ҳисобланади.

Аввалроқ Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида давлат чегарасини қонуний расмийлаштиришни якунлаш кутилгани маълум қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон Қирғизистон билан чегара ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилгани ҳақида хабар берилганди.