Ўзбекистон бўйлаб 2021 та масжидда Ҳайит намози ўқилди
АОКАда бўлиб ўтган брифингда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов Ўзбекистонда республика бўйича 2021 та масжидда 2 миллион 576 минг киши Ҳайит намозини адо этгани бўйича маълумот берди.

Маълум қилинишича, 13 май куни республика бўйича 2090 та масжиддан 2021 тасида 2 миллион 576 минг аҳоли ҳайит намозини адо этган. Тошкент шаҳрида 106 та масжидда 497 минг киши намозда иштирок этган. Хусусан, «Ҳазрати Имом» мажмуасига 18 мингдан, «Шайх Зайниддин» масжидига 30 мингдан зиёд ҳамда «Қуддуси Шариф» масжидига 20 мингга яқин намозхон йиғилган.
Ҳайит муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига жами 13,4 миллиард сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилган. «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан 8 мингга яқин эҳтиёжманд оилаларга 543 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам берилган.
Шунингдек, 2021 йилги Рамазон ҳайити бўйича республикадаги масжидларнинг даромад кўрсаткичлари умумий 14 миллиард 674 миллион 185 минг 400 сўмни ташкил этган. Шундан хайрия ва эҳсонлар 10 миллиард 292 миллион 412 минг 900 сўм, закот ва фитр эса 4 миллиард 381 миллион 772 минг 500 сўмдан иборат.
Аввалроқ Ўзбекистонда Рамазон ҳайити намозининг ўқилиш вақти эълон қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда Рамазон ва Қурбон ҳайити арафасида қўшимча дам олиш кунлари белгилангани хабар қилинган.