Самарқандда 30 ёшли эркак Рамазон ҳайити куни болаларга тепадан пул сочди — видео
Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан Bugun.uz’га маълумот берди
Самарқанд вилояти Ургут туманида 13 май — Рамазон ҳайити байрами куни 30 ёшли эркак болаларга тепадан пул сочди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказиб, фуқаро билан суҳбат олиб борди.

Бошқарманинг «Bugun.uz»га маълум қилишича, Ургут тумани Вағашти маҳалласида яшовчи 1991 йилда туғилган Н.Ж. Рамазон ҳайити муносабати билан қариндош ва қўшниларини меҳмондорчиликка чақириб, уларнинг фарзандларини хурсанд қилиш мақсадида устиларига пул сочган.
Н.Ж. билан олиб борилган суҳбат давомида у қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирган.
Фуқаро ва унинг яқин қариндошлари билан келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик борасида профилактик суҳбат ўтказилиб, фуқарога нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Аввалроқ Алишер Навоий ҳайкали олдида ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этган самарқандлик йигит кечирим сўраб чиққанди. Кейинчалик йигит ва унинг дўстига нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.