Жиззахда «Isuzu» йўл четида тўхтаб турган «Камаз»га бориб урилди — видео
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида 7 май куни «Isuzu» ва «Камаз» иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисасида ҳайдовчилардан бири вафот этди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, соат 03:10 да М-39 Олмаота–Тошкент–Термиз халқаро автомобиль йўлининг Шароф Рашидов туманидан ўтувчи 976-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи 1992 йилда туғилган ҳайдовчи «Isuzu» юк машинасини Тошкент–Термиз йўналиши бўйлаб бошқариб келаётиб, ухлаб қолган. Шундан сўнг ўзидан олдинда йўл четида тўхтаб турган Қашқадарё вилоятида яшовчи 2000 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги «Камаз»га бориб урилган.
Оқибатда «Камаз» ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.
Аввалроқ Қашқадарёда содир бўлган ЙТҲда 7 киши вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухорода «Nexia» тракторнинг олд қисмига урилиб, ЙТҲ содир этгани хабар қилинган.