Ойга учишни режалаштирган япониялик миллиардер биринчи Халқаро космик станцияга парвоз қилади
«SpaceХ» компаниясининг биринчи космик сайёҳи бўлиши кутилаётган япониялик миллиардер Юсаку Маэзава Ойга парвоз қилиш учун саккиз кишилик жамоа йиғмоқчилиги ҳақида хабар берилганди.

Маълум бўлишича, Ойга учишни режалаштирган япониялик миллиардер ва унинг ёрдамчиси Йозо Хирано 2021 йилнинг декабрь ойида «Союз МС-20» космик кемасида биринчи Халқаро космик станцияга (ХКС) парвоз қилади. Бу ҳақда «Space Adventures» компанияси маълум қилди.
Қайд этилишича, япониялик сайёҳлар парвозининг давомийлиги 12 кунни ташкил қилади. Космик кемани «Роскосмос» космонавти Александр Мисуркин бошқаради.
«‘Space Adventures, Inc.ʼ зарур тиббий кўриклардан муваффақиятли ўтган Юсаку Маэзава Халқаро космик станциядаги миссияга тайёргарлик кўришни бошлаганини эълон қилади. У ва унинг бизнес ёрдамчиси Йозо Хирано Россиянинг ‘Союз МС-20’ ракетасида Байконур космодромидан 2021 йил 8 декабрда учишни режалаштирмоқда», дейилади хабарда.
Таъкидланишича, учиш учун уч ойлик тайёргарлик тўғридан-тўғри космонавтларни тайёрлаш марказида июнь ойидан бошланади.
Аввалроқ Туркия 2023 йилда Ойга ракета учиришни режалаштиргани хабар берилган. Шунингдек, Хитой миллий музейи Ойдан олинган тупроқ намуналарини жамоатчиликка намойиш этгани маълум қилинганди.