15 май — Халқаро оила куни. Ўзбекларда оила ва никоҳ муносабатлари. Никоҳдан ўтиш қанчалик муҳим?
15 май бутун дунёда Халқаро оила куни сифатида 1993 йилдан буён нишонлаб келинмоқда. Мазкур сана БМТ томонидан тасдиқланган бўлиб, ҳар йили маълум бир ном остида турли тарғибот тадбирлари уюштирилади. Бу йилги Оила куни «Оилалар ва янги технологиялар» шиори остида нишонланмоқда. Сана муносабати билан «Bugun.uz» сайти эксперти, ЎзР ФА Миллий археология маркази Фанлараро тадқиқотлар бўлими бош илмий ходими, психология фанлари доктори Зиёда Расулова ўзбеклар орасида оила ва никоҳ муносабалари, оиланинг тарихи, унинг жамият ҳаётида тутган ўрни ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этади.

Ўзбек халқининг энг яхши кунларидан бири тўй ўтказиладиган кунлар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам кексалар доим: «Ҳар кимни тўйга етказсин, орзу-ҳавас кўрсин», деб дуо қилади. Оила қуришнинг ҳар бир инсон учун қанчалик даражада муҳимлиги барчага маълум. Лекин оила қуриш учун никоҳдан ўтиш шартми? Умуман олганда, оила билан никоҳ ўртасида фарқ мавжудми? Бу борада, аввало, никоҳ ва оила тушунчаларига тўхталиб ўтамиз.
«Никоҳ» сўзининг ўзбек тилида икки хил луғавий маъноси бор. Никоҳ (арабча — уйланиш, эр-хотиннинг қовушиши) — эр-хотинликни шариат йўли билан расмийлаштириш маросими ва шу маросимда имом томонидан ўқиладиган шартнома. Яъни эркак ва аёл турмуш қуришининг исломга хос диний шакли. Шариат оилавий муносабатларни тартибга солади ва никоҳга биринчи навбатда икки томоннинг мажбурияти ва ҳуқуқларига асосланган шартнома сифатида қарайди. Ҳозирги вақтда никоҳ икки хил — дунёвий ва диний мазмунга эга. Дунёвий маъносига кўра, никоҳ — эр-хотиннинг ўзаро розилиги билан ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилган оилавий иттифоқи, эр-хотинлик. Бошқача қилиб айтганда, дунёвий мазмунда никоҳ турмуш қураётган эркак ва аёлнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида (ФҲДЁ) рўйхатдан ўтишини англатади.
«Оила» сўзининг ўзбек тилида беш хил луғавий маъноси бор. Оила — эр-хотин, уларнинг болалари ва энг яқин туғишганларидан иборат бирга яшовчи кишилар мажмуи; хонадон. Унинг бошқа маънолари бир-бирига яқин бўлиб, умумий маънода бирлашган кишилар, халқ, мамлакатлар ёки ўсимлик ва ҳайвонларда гуруҳларни, қардош тиллар гуруҳини айтиш мумкин. Ундан ташқари, луғатда оила сўзлашув тилида рафиқа, хотин маъноларини ҳам англатади. Умуман олганда, оила — никоҳга ёки туғишганликка асосланган кичик гуруҳ. Унинг аъзолари рўзғорининг бирлиги, ўзаро ёрдами ва маънавий масъулияти билан бир-бирига боғланган. Оила — жамиятнинг бир бўлаги (бошланғич гуруҳи), эр-хотин ва қариндошчилик алоқалари иттифоқи асосида тузилган шахсий ҳаётнинг муҳим шакли. Арастунинг фикрича, оила одамларнинг биринчи мулоқот кўринишидир. У дастлабки ячейка бўлиб, ундан давлат ташкил топган. Юнон файласуфи бир неча оилаларнинг бирлашувини «қишлоқ» деб атаб, уни оиладан давлатга ўтадиган шакл деб ҳисоблаган.
Оилавий бирлик мураккаб ижтимоий муносабатлардан иборатдир. Одатда, оиланинг вужудга келишига никоҳ асос бўлади, шунинг учун оилада болалар туғилмаган бўлса ҳам никоҳ муносабатининг ўзи оилани ташкил этади. Оилада эр-хотин билан бирга фарзанднинг ҳам бўлиши типик оилани вужудга келтиради. Ота-оналар ва фарзандлар жипслашган оила бирлигини ташкил этади. Улар ўртасидаги жуда яқин оилавий муносабатлар шаклланади ва бу шахслар оиланинг ядросини ташкил этади.
Ўзининг ижтимоий мазмунига қараб, оила одатда уч ўзаро алоқадаги ижтимоий гуруҳ — оиланиниг асоси сифатида никоҳ, никоҳнинг натижаси сифатида эр-хотин муносабатлари ва эр-хотин муносабатларининг натижаси сифатида фарзандлардан ташкил топган.
Хуллас, никоҳ ва оилани бир-биридан фарқлаш лозим. Никоҳ оиладан илгари вужудга келган бўлиб, даставвал, патриархал оила вужудга келишига қадар, уруғчилик даврида фақат жинсий табиий ҳаётни бошқариб борган. Оила вужудга келгандан сўнг эса никоҳ кишилар ҳаётининг бошқа соҳаларига, чунончи, ҳуқуқий, ахлоқий ва маиший соҳаларига ҳам кириб борган. Никоҳнинг оиладан фарқи шундаки, у ўзи вужудга келган дастлабки даврда муайян иқтисодий, хўжалик ҳуқуқи ва мажбуриятлари билан боғланмаган. Оила эса ўзининг биринчи кунлариданоқ муайян ҳуқуқлар ва мажбуриятлар билан боғланган кишиларнинг кичик уюшмаси, иттифоқи, бирлигидир. Оила синфий жамиятга қадар жинслар ўртасидаги жинсий муносабатларни бошқарадиган бирдан-бир восита бўлган.

Халқ орасида бу икки тушунчанинг қандай тушунилишини билиш мақсадида ўтказган тадқиқотимизда «Никоҳ билан оила ўртасида фарқ борми?» деган савол билан ўзбекларга мурожаат қилдик (1, 2, 3-расмлар). «Ҳа», деб жавоб берганлар кўп (72 фоиз) бўлишига қарамай, никоҳ билан оилани фарқламайдиганлар (27 фоиз) ҳам бирмунча кўплиги маълум бўлди. Бу ўзбеклар, айниқса, аёллар (37,9 фоиз) эркакларга (13,3 фоиз) нисбатан оилани никоҳсиз тасаввур қилолмасликларидан далолат беради. Бунга биз дала тадқиқотларимизда ҳам кўп амин бўлганмиз. Берилган саволга кўпчилик ахборотчилар ҳайрон бўлиб, саволга тушунмаганликларини билдирганлар. Уларнинг фикрича, никоҳ ўқитилдими, демак, оила қурилди.


Аниқлаштириш учун кейинги савол сифатида синалувчиларга «Оила қуриш учун никоҳдан ўтиш зарурми?» деб мурожаат қилинди (4, 5, 6-расмлар). Олинган натижалар ўзбекларда оилали бўлиш жуда муҳимлигини яна бир бор тасдиқлади (89 фоиз). Оила деганда эса ўзбек халқи никоҳда бўлишни назарда тутади. Бунга асосий сабаблардан бири сифатида ислом динини кўрсатиш мумкин. Кўпчилик никоҳ ўқитмасдан туриб, оила қуришни гуноҳ деб билишини тасдиқлади (умумий — 29 фоиз; аёллар — 19 фоиз; эркаклар — 37,5 фоиз).

Албатта, бунга бошқа сабаблар ҳам бор. Масалан, бирга оила сифатида яшаётган эркак ва аёл ҳам давлат томонидан, ҳам жамият томонидан эр-хотин сифатида тан олинмайди. Давлат қонуний расмийлаштирилмагани учун бўлса, жамият бундай оилани, асосан, ислом динига зид яшаётгани сабаб тан олмайди. Шу билан бирга, турмушга чиқмаётган ёки уйланмаётган инсонларга ҳам шубҳа билан қаралади, улардан ҳар хил айблар қидирилади. Маълум бир сабаблар бўладики, инсон ўз вақтида ёки умуман никоҳ қура олмайди. Агар икки инсон ўзаро алоқа қилган ҳолда бирга яшамоқчи бўлса-ю, никоҳдан ўтмаса, ўзбекларда бу ёмон қабул қилинади. Ҳатто никоҳдан ўтишнинг имконияти бўлмаган тақдирда ҳам (масалан, иқтисодий муаммолар, биринчи хотиннинг мавжудлиги ёки яна бир бошқа сабаблар), ўзбекларда ҳеч бўлмаганда диний никоҳдан ўтиш ҳам яхши деб ҳисобланади. Сабаби ўзбекларда никоҳсиз туғилган болаларга жуда ёмон муносабатда бўлиниб, улар валадизино (зинодан туғилган бола) деб қораланади. Ислом динида ҳаттоки никоҳсиз туғилган болаларнинг гувоҳликлари қабул қилинмайди.

Никоҳ билан оила тушунчаларининг қандай тушунилиши. Ўзбек оилаларида ислом динининг ўрни катталигини инобатга олган ҳолда, оила ва никоҳни дин билан ҳамоҳанг таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки бу асосан мусулмон бўлган ўзбек халқининг руҳиятини билишга ёрдам берадиган муҳим омиллардан биридир.

Ислом динида оила қуришнинг ҳар бир инсон учун зарурат экани Қуръоннинг кўплаб оятларида ўз ифодасини топган. Жумладан, Нур сураси, 32-оятда шундай дейилган: «Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизнинг яхшиларини уйлантиринглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу карами билан бой-беҳожат қилур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир».
Кишининг жинсий ва жисмоний қуввати, оила масъулиятини адо эта олишига кўра, уйланмаса нотўғри йўлга кириб қолиш хавфига қараб шариатда уйланиш ҳукми 5 хилдир.
Уйланиш фарз (қилиш қатъий талаб қилинган, қилмаса катта гуноҳкор бўладиган иш) бўлган киши. Уйланмаса зино (нотўғри жинсий алоқа)га кетиши аниқ. Уйланиш, маҳрга ва аёл нафақасига етарли моли бор, оилани боқишга қодир ва хотинга зулм қилмайдиган кишилар учундир. Бундайлар уйланмаса, катта гуноҳкор бўлади.
Уйланиш вожиб (қилиш талаб қилинган, қилмаса гуноҳкор бўладиган иш) бўлган киши. Уйланмаса, зинога кетиб қолиш хавфи бор, уйланса хотинни боқа олади, унга зулм қилмайди, маҳрга ва аёл нафақасига етарли моли бор. Бундай кишилар уйланмаса, гуноҳкор бўлади.
Уйланиш суннат (қилса савоб, қилмаса, суннатга хилоф бўладиган иш) бўлган киши. Уйланмаса ҳам ўзини зинодан сақлай олади. Уйланса, хотинни боқишга ва унга зулм қилмасликка қодир, маҳрга ва аёл нафақасига етарли моли бор. Бундай кишилар уйланса, савоб, Пайғамбар (с.а.в.) суннатларига амал қилган бўлиб, мабодо уйланмаса, гуноҳкор бўлмайди. Ушбу ҳолат аслдир. Шунга кўра, уламолар уйланиш суннатдир деб иттифоқ қилган.
Уйланиш ҳаром (қилмаслик қатъий талаб қилинган иш) бўлган киши. Уйланса маҳрга ва аёл нафақасига қодир эмас, хотинни боқа олмайди, унга зулм қилиши аниқ, жинсий алоқага қодир эмас. Бундай кишиларнинг уйланиши ҳаром. Агар жинсий алоқага қодир бўлса-ю, уйланишга маблағи бўлмаган кишиларга Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.) маблағ топгунга қадар рўза тутишни тавсия этган. Зеро, рўза кишининг шаҳватини кесади.
Уйланиши макруҳ (қилса гуноҳкор бўлиши мумкин бўлган иш) бўлган киши. Уйланса маҳрга ва аёл нафақасига топиб бериш, хотинни боқа олмаслик ёки жинсий алоқага ярамаслик эҳтимоли кўпроқ бўлган кишилардир.
Ҳанафий мазҳабида никоҳ 6 қисмга бўлиниб, юқоридагиларга қўшимча «Зино қилиш қўрқуви бўлмаса ҳам, жинсий лаззат олиш учун уйланиш мубоҳ», дейилган.

Шуни айтиш керакки, никоҳ тузишга нафақат дин, балки давлат томонидан ҳам монелик қиладиган ҳолатлар мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг I бўлим 16-моддасига кўра, никоҳ тузишга:
- лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;
- насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;
- лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.
Беруний ҳеч қайси бир халқ никоҳсиз яшаши мумкин эмас, деб таъкидлайди. Никоҳсиз бирга яшашни ёки тартибсиз жинсий алоқани эса ҳайвонлик ҳолатидан ҳам паст бўлган уятли иш деб билган. Шуни айтиб ўтиш лозимки, ўтмишда (айниқса, ўрта асрларда) танҳо ҳаёт кечириш жуда қаттиқ қораланган. Фақат маълум бир сабабларга кўра (камбағаллик, касаллик ва ҳ.) ёлғиз яшаётган одамларни учратиш мумкин бўлган. Шунда ҳам уларни кеч бўлса ҳам ўз тенгига берганлар ё ўз тенгидан олиб берганлар. Ҳеч уйланмай ё турмушга чиқмай ўтганлар жуда камчиликни ташкил қилган. Ҳатто бева ва талоқ қилинган аёлларни, уларнинг ёшларидан қатъи назар учинчи, тўртинчи хотин қилиб бўлса ҳам, яна бошқатдан эрга беришга ҳаракат қилганлар. Агар бу оддий халқда ҳаракат билан белгиланган бўлса (бу иқтисодий ва ижтимоий сабаблар билан белгиланади), аҳолининг бой ва зодагон қатламида бу амалда бўлган. XIX асрнинг охирларида Фарғона водийси аёллари турмуш тарзини ёритган эр-хотин Наливкинлар таъкидлайдики, «Ҳар бир сартнинг орзуси, ҳаётидаги олий мақсади ўзидан кейин насл қолдириш ва қаричиликда ўзининг зурриётини кўришдир. Шу сабабли улар ёшликда уйланишга ҳаракат қилишади».
Умуман олганда, қадимги динлар никоҳни зарурият даражасигача кўтарган ва бунинг асосий сабабини инсонни жинсий бузуқликдан сақлаш ва ўзидан зурриёт қолдириш деб кўрсатган. Масалан, Хитой тарихчиси Бань Гу (32–92 йиллар) ўзининг трактатида берган маълумотига кўра, хитойликларда никоҳдан ўтиш шарт бўлган ва бу наслни давом эттириш учун қилинган, яъни хитой анъанасига кўра, никоҳ — бу ўзига яраша шартнома эди. Ўз навбатида, ҳиндуизм ҳам бола туғилишини кўпайтириш мақсадида никоҳга даъват этишни бошлаган. Бу билан дин қадимда бўлган жинсий тартибсизликка чек қўймоқчи бўлган. Сабаби инсон руҳиятига ҳеч нарса дин даражасида таъсир кўрсата олмайди.
Кўпчилик олимларнинг зардуштий жамоалари орасида олиб борган тадқиқотлари ҳамда «Авесто»ни ўрганишлари натижасида шу нарса маълум бўлдики, зардуштийликда ҳам никоҳ ва оилавий бурч масаласи муҳим ахлоқий ўрин тутган. Ҳаётни бўйдоқ ўтказиш эса қораланган. Яъни никоҳдан ўтиш ҳар бир зардуштийнинг вазифаси ҳисобланган.
«Эй, Сипийтмон Зардушт!
Кимнинг хотини бўлса, у хотинсиз ва дунёдан фарзандсиз ўтаётган кимсадан яхшироқдир.
Кимнинг уйи бўлса, у уйсиз бехонумон одамдан яхшироқдир.
Кимнинг дунёси бўлса, у ҳеч вақоси йўқ гадодан афзалдир».
«Вандидод», 4-фаргард,
3-бўлим, 47-банд
Чунки никоҳсиз алоқа зардуштийликда ҳам катта гуноҳ ҳисобланган.
«Шундай қилиб, даставвал,
Аши йиғлаб зорланди,
Ҳайз кўрмас бир бузуқ
Аёл киши устидан:
«Унга яқин йўлама,
Бир ёстиққа қўйма бош,
Энди унинг дастидан
Кўкка кетайми учиб,
Ерга тушайми қайтиб?»
«Яшт» Аши Алқови (Орд Яшт),
Х бўлим, 57-дуо.
Бу пишавтану амалидир. Бу гуноҳ устига гуноҳдир. Унинг биринчи гуноҳи — алдашларига ижозат бергани.
Голланд сайёҳи Ставоринус XVIII асрда руҳонийлар ҳақида ёзар экан, шундай маълумотларни келтиради: «Коҳинлар дунё ишлари билан шуғулланмасалар ҳам, аммо хиёнат ва бузуқликка келганда, жазо чораларини уларнинг ўзлари кўрганлар ва баъзан бундай гуноҳни ўлимга маҳкум этганлар. Қатлни улар ошкора эмас, балки махфий қилганлар ёки тошбўрон қилиб ёки дарёда (сувда) чўктириб, баъзан заҳарлаб ўлдирганлар». Кўриниб турганидек, зардуштийликда никоҳсиз алоқага жуда оғир жазо қўлланилган. Умуман олганда, зардуштийлик ислом динига нисбатан анча шафқатсиз дин ҳисобланади. Буни унинг бошқа амалларида ҳам кўриш мумкин.
Баъзи тадқиқотчилар «Авесто»га таяниб, худди ислом динидагидек, эркак киши уйланиш учун моддий ва маънавий томондан тўқ ва жисмонан бақувват бўлиши керак бўлган, деб таъкидлайдилар. Бунинг учун эса у ўз вақтида овқатланиши зарур эди. Акс ҳолда, эркак киши ўз хизмат ва ахлоқий бурчларини бажара олмаган. Агар эркак киши зурриёт қолдириш қобилиятига эга бўлса-ю, аммо уйланмаса, унга тамға босилиб ёки белига занжир боғлаб юришга мажбур қилинган.
Еб ичмайдиган инсоннинг тоат-ибодат қилишга кучи бўлмайди, эр-хотинлик вазифасини адо этишга қуввати етмайди, бола туғдира олмайди.
«Ясна», 33, 3-боб
Баъзан бундай эркакни қопга солиб калтаклашган. Худди шунингдек, балоғатга етган қиз бола ота-она, жамоанинг раъйини писанд қилмай, ўзидан зурриёт қолдиришни истамай, қасддан турмушга чиқмай умргузаронлик қилиб юрса, у қопга солиниб, 25 дарра калтакланиш билан жазоланган.
Шундай ер бахтсизки, узоқ муддат қаровсиз ва ишловсиз турса, худди балоғатга етган, аммо турмушга чиқмаган ва фарзандсиз қиз каби. Худди охиргиси астойдил яхши эр орзу қилгандек, ер ҳам қўшчини истайди.
«Видевдат», III, 24
Демак, айни пайтда зардуштийларда никоҳсизлик (бўйдоқлик) ва маъсумлик (қизлик) қораланган. Никоҳга эса худога энг ёқадиган ишлардан бири сифатида қаралган. Ҳар бир зардуштий эркак киши эса уйланиб, фарзандли бўлиши керак бўлган, яъни эркак киши наслни давом эттириш бурчига бўйсуниши керак эди. Ўз навбатида, никоҳсиз алоқа нафақат қораланган, балки қаттиқ жазоланган ҳам. Умуман, «Авесто»да инсоний бурч фақат ахлоқий йўл-йўриқларни ўзлаштиришдан иборат бўлибгина қолмай, балки инсон оилавий турмуш, яхши ёр ва фарзанд тўғрисида ҳам ўйлаши зарурлиги таъкидланади.

Юқоридагилардан хулоса қилган ҳолда, никоҳ зарурлигини биз табиий ва ижтимоий омиллар билан белгилаймиз. Фикримизни қуйидагича изоҳлашга ҳаракат қиламиз:
Табиий — тиббиётда исботланишича, инсоннинг жинсий ҳаёт кечириши табиий эҳтиёждан келиб чиқади. Шундай экан, инсоннинг жинсий ҳаётсиз яшаши тиббиёт томонидан маъқулланмайди. Умуман олганда, тиббиёт инсоннинг жинсий ҳаётсиз умр кечиришини тавсия этмайди. Чунки у организм учун ёмон оқибатларга, яъни турли хил касалликларга ва ўзгаришларга олиб келади. Шундай экан, дин инсоннинг бу табиий эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, уни никоҳга даъват этади ва шу билан уни ҳар хил бузилишлардан асрайди. Шу билан бирга, ҳатто никоҳда ўзининг шаҳватини тиёлмайдиганлар ҳам дин ва тиббиёт томонидан қораланади, яъни унинг оқибати турли хил венерик касалликларга олиб келади.
Хусусан, Абу Али Ибн Сино ҳам жинсий муносабатларсиз ҳаёт кечиришнинг инсон саломатлигига зарарлигини таъкидлаган: «Гоҳо эркакларда алоқани тарк қилиш натижасида уруғ тўпланиб ва совуб заҳарликка айланади ва уруғ юрак ва мияга заҳарлик ёмон буғ юборади, бу нарса хотинлардаги «бачадон бўғилишига» ўхшайди». Ўз навбатида, аллома жинсий алоқа билан кўп шуғулланишни ҳам ўзига яраша салбий оқибатлари мавжудлигини таъкидлаган: «Алоқа [вақтида] охирги озиқланиш жавҳаридан бир қисми бўшатилади ва бу шундай заифлаштирадики, бошқа бўшатишларнинг ҳеч бири бунчалик заифлик бермайди; бу ўз лаззати сабабли руҳ жавҳаридан ҳам кўп миқдорни чиқариб юборади. Бу жиҳатдан кўп лаззатланувчилар [алоқадан сўнг] кўпроқ кучсизлашадилар. Алоқа бу билан кўп шуғулланувчининг баданини тезликда совутишга, қуритишга, туғма ҳароратини таратишга ва қувватини туширишга олиб боради».
Ижтимоий — давлатга барча жамоат тузумлари шаклидан никоҳчалик таъсир кўрсата оладиган тартибот йўқдир. Давлат олий (юқори) ҳокимият томонидан бошқариладиган инсонлар ёки оилалар жамиятидан иборат бўлиб, оилалар эса, ўз навбатида, никоҳ орқали пайдо бўлади. Ҳар қанақа давлатнинг тинчлиги эса эр-хотинлик никоҳи қонунларининг баркамоллигига боғлиқ. Улар жамоат осойишталигига, тинчлигига ва шахсий ҳуқуқ ва мулкка таъсир кўрсатадилар, ҳатто салтанат ҳассаси (подшоҳ салтанатининг аломати) ва тахт ҳам уларга боғлиқ. Фарзандли бўлиш истаги никоҳда муҳимдир. Яъни никоҳ фарзандли бўлиш ниятида қурилади. Давлат никоҳнинг кўпайишидан манфаатдор. Никоҳнинг кўпайиши фарзандли оилаларнинг кўпайишига, у эса, ўз навбатида, давлат аҳолисининг кўпайишига олиб келади. Шунинг учун қадимги Рим қулдорлик жамиятида ҳар бир эркин фуқаро никоҳга кириши лозим эди, бўйдоқлардан эса махсус солиқ олинарди. Ҳар қандай жамият учун оиланинг тинч-тотувлиги, барқарорлиги муҳим аҳамиятга эга. Унинг ички хотиржамлиги жамиятнинг асосини ташкил қилувчи оилани тартибга солувчи қонунларнинг баркамоллигига боғлиқ, чунки оила узоқ муддатли ривожланишнинг маҳсули бўлиб, тарихий жараённинг умумий ривожланиши таъсирида ўз шаклини ўзгартиради. Шундай экан, давлат ҳам оилани мустаҳкамлаш борасида зарур чора-тадбирлар кўради.
Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарорига биноан 1994 йил Халқаро оила йили деб эълон қилинди. Шу муносабат билан БМТнинг Осиё ва Тинч океани бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО) томонидан Пекинда Халқаро оила йилига бағишлаб ўтказилган тайёрлов мажлисида қирққа яқин мамлакат, шу жумладан, Ўзбекистоннинг вакиллари оилани мустаҳкамлаш ва уни ривожлантириш муаммоларини муҳокама қилиб, Осиё–Тинч океани минтақаси учун оила тўғрисида Декларация қабул қилди.
Ўзбекистон Конституциясида оила ҳақ-ҳуқуқларига доир алоҳида боб киритилиб, оиланинг жамият негизи сифатида давлатнинг муҳофазасида экани қонун кучига эга бўлди. Конституциянинг 63-моддасига кўра: «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга». Шунингдек, никоҳга ва оилага дахлдор бир қатор расмий ҳужжатлар қабул қилинди. Оила йили деб эълон қилинган 1998 йилда Ўзбекистонда Оила кодекси қабул қилинди. Бу ҳужжат «оила» сўзининг «никоҳ» сўзига нисбатан кенгроқ маъно англатиши ҳисобга олиниб, амалда қўлланиб келинган «Никоҳ ва оила» кодексини тўлдириш ва мукаммаллаштириш асосида тартиб берилиб, Олий Мажлиснинг XI сессиясида тушган таклифлар асосида таҳрир этилиб, қабул қилинди. «Никоҳ ва оила» кодекси 275 моддани ўз ичига олган 6 бўлимдан иборат бўлса, «Оила кодекси» 238 моддадан таркиб топган 8 бўлимдан иборат.
Жамият никоҳ воситаси билан эркак ва аёл ўртасидаги табиий муносабатларни тартибга солиб туради, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар орасида ахлоқий, ҳуқуқий мажбуриятлар ўрнатади. Никоҳ инсоннинг фарзандли ва оилали бўлиш имконини беради, бошқача қилиб айтганда, никоҳ инсоннинг ёлғиз қолмаслик гаровидир.
Хуллас, никоҳланиш зарурияти табиий ва ижтимоий омиллар билан белгиланади. Аммо, шу билан бирга, инсонларнинг никоҳга чиқишларида дунё бўйича қуйидаги омиллар ҳам бирламчи таъсир кўрсатиши мумкин:
Севги туфайли. Севишиб қурилган оилалар мустаҳкам бўлади, агар ўзаро аҳду паймон қилганлар оила қурганларидан кейин «мурод-мақсадимга етишдим» деб, севгисини ҳимоя қилмай, унинг учун курашмаса, севги нобуд бўлади, севги номи билан қилинган орзу-умидлар саробга айланади.
Моддий ёки ўзга манфаатдорлик туфайли. Кўпчилик ҳалигача турмушга чиқиб ё уйланиб, ўзининг моддий аҳволини тўғрилаб олишга, ишдан кўтарилишга ҳаракат қилади. Унинг таъсири бу сабабларни қай даражада амалга ошишига боғлиқ, яъни кўзда тутилган нарсаларнинг барчаси рўёбга чиқаверса, у никоҳ мустаҳкамлигини таъминлаши мумкин. Бироқ оилавий ҳаётда ҳамма нарса рўёбга чиқавермайди, натижада уларнинг турмуши ғурбат-азобга, низо-жанжалга айланади. Аммо мақсадига етганларнинг ҳаммаси ҳам оилада ўзини бахтли ҳис қилмайди. Ўзининг мурод-мақсадига етгач, улар турмуш ўртоғи билан яқинмаслигини, орада нафақат севги, ёқтиришнинг ҳам йўқлигини ҳис қилади. Шуни айтиб ўтиш керакки, ҳеч қандай ҳис-туйғусиз совчилик орқали турмуш қуриш ҳам режалаштирилган ҳолда, манфаат юзасидан қурилган никоҳ ҳисобланади.
Стереотип бўйича (ҳамма қатори, кўпчиликдан ажралмаслик учун) оила қуриш. Статистик маълумотларга кўра, энг мустаҳкам оилалар стереотип бўйича оила қурганларга тўғри келади. Уларда ажралиш жуда кам, чунки улар «ҳамма қатори» оила қуришган, қарашсаки, ҳамма бинойидек яшаяпти. Булар ҳам яшайверишади. Биргаликда ҳаёт туфайли эр-хотин ўртасидаги бир-бирларига мослашиш, тушуниш, бир-бирига меҳр юзага келиб, севги даражасига ҳам етиши мумкин.
Бўйида бўлиб қолиш. Статистикага кўра, мажбурий қурилган никоҳлар мустаҳкам бўлмайди. Шу сабабли фақатгина бўйида бўлиб қолганлик учун қурилган никоҳда эр-хотинлар камдан-кам ҳолларда бахтли бўлиши мумкин.
Ота-онанинг доимий қарамоғидан халос бўлиш. Бунда ота-онанинг жонга тегувчи доимий фарзандни ҳимоя қилиш истагидан «халос бўлган» инсон учун аввалига никоҳ жаннатдек туюлиши мумкин, аммо у турмушни шошилиб қурган бўлса, ҳаётда анча қийинчиликлар кўради.
Эътибор учун миннатдорчилик. Бунда ёлғиз қолишдан қўрқиб, унга эътибор бериб, кўнглини олишга ҳаракат қилган киши билан никоҳ қурилади. Ўзининг қадрига етмаслик бу масалада ҳеч қандай ёрдам бермайди.
Раҳм қилгандан. Раҳм қилиш яхши, аммо бу масалада чегарани билмоқ зарур. Умрнинг охиригача раҳм қилиб ўтиш турмушнинг бахтини таъминламайди.
Ёш туфайли. 25–30 ёшларга чиқиб қолган қиз, кўпчиликнинг турмушга чиқаётганини кўриб, шошилинч турмушга чиқишга ҳаракат қилади. Бунинг оқибатлари яхши бўлмаслиги мумкин. Эркакларда ҳам худди шундай.
Ўч олиш мақсадида. Ўзига ёққан кишидан хафа бўлган қиз ё йигит ўч олиш мақсадида турмуш қуради. Ўч олиш ҳисси тез орада тугагандан сўнг эса севмаган ёри билан туриш мазмунсиз ҳаётга айланади.
Яқинларни хафа қилмаслик учун. Бунда бола билан қиз ёшлигидан таниш бўлиб, бир-бири билан дўст бўлади. Ота-онасига бу муносабатлар ёққанидан бошида ҳазил тариқасида, кейинчалик жиддий никоҳ қуриш масаласини ўртага қўядилар. Ота-онани хафа қилмаслик учун ўзаро никоҳ қурилади. Бошқалар учун қилинган ҳаракат оилавий ҳаётнинг зерикарли ва мазмунсиз ўтишига олиб келиши мумкин. Совчилик жараёнида ота-онанинг гапидан чиқмаган ҳолда, бегона инсон билан турмуш қурилган никоҳлар ҳам акс ҳолатларда кўнгилдагидек чиқавермайди.
Жинсий уйғунлик. Шундай ғалати фикр мавжуд: агар икки кишига ётоқда яхши бўлиб, бир-бири билан чиқишса, демак, никоҳда ҳам худди шундай бўлади. Чет элда кўпчилик шунга асосланиб турмуш қуради. Тўғри, жинсий бир-бирига тўғри келиш никоҳда муҳим ўрин тутади, аммо фақат унинг ўзигина никоҳнинг мустаҳкамлигини таъминлай олмайди.
Шуни айтиб ўтиш керакки, ҳар қандай инсон табиий ва ижтимоий омилларга асосланиб турмуш қуради, аммо юқоридаги омиллар инсоннинг никоҳ қуриши учун қабул қилган қарорига бирламчи таъсир кўрсатиши, яъни шу омилларнинг бири унинг никоҳ қуришига энг асосий сабаб, туртки бўлиши мумкин.
Демак, инсоният тарихида никоҳ қуриш инсоннинг олдига қўйган энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланган. Бироқ ҳозирги кунга келиб Ғарб дунёсида никоҳ зарурият эмас, балки ҳар бир кишининг ўз шахсий иши бўлиб қолмоқда.
Ўзбекларда никоҳ бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Икки ёш оила қуриши билан туғилган фарзандларини оилали бўлишига ва келажакда бўлиши муқаррар никоҳга тайёргарлик кўра бошлайди. Бу ўзбек халқида анъана шаклида ҳам бўлиб, кўпчилик ҳатто никоҳнинг нима учун кераклигининг туб моҳиятини ўйлаб ўтирмаса-да, уни зарурият деб ҳисоблайди.
Хулоса қилиб айтганда, никоҳ инсонга оилали бўлиш имкониятини беради. Оила эса инсон учун меҳнат қобилиятини тиклаш ва дам олиш жойидир. Олимлар фикрича ҳам, одамлар ҳаётининг бирдан-бир тўғри йўли оилавий ҳаётдир.
Лекин жамият такомиллашгани сари ёлғиз яшайдиган инсонлар қатори кўпайиб бормоқда. Айниқса, бу ХХ асрнинг охириларида яққол намоён бўлди. Масалан, Сенегалда ҳар 100 аёлга ўртача 95 та эркак тўғри келган, аммо эркакларнинг 44,4 фоизи уйланмасликни афзал кўрувчи бўйдоқлар бўлиб, айни пайтда турмушга чиқмаган хотин-қизлар атиги 19,3 фоизни ташкил этган. Ҳолбуки, Сенегалда аҳолининг 94 фоизи ислом динига эътиқод қилади. Шариатда бир неча хотин олишга рухсат этилса ҳам, сенегаллик мусулмон эркакларнинг атиги 28,3 фоизи иккита ва ундан ортиқ хотинга уйланган. Айни пайтда сенегаллик аёллардан 52,1 фоизининг кундошлари бўлган. қизлар етук ёшдаги эркакларга турмушга чиқишни афзал кўрганликлари сабаб, Сенегалда бева эркакларга нисбатан бева аёллар кўпроқ бўлган. 1989 йили аҳолини рўйхатга олишда собиқ СССР аҳолисининг 16 369 000 ёлғиз яшаши маълум бўлди. Шуларнинг 260 минги Ўзбекистонга тўғри келган. Булардан шаҳарда ёлғиз яшайдиганлар 203 минг бўлса, қишлоқда 57 мингта бўлган.

Шуни айтиб ўтиш ҳам лозимки, барча динлар ҳам никоҳни зарур деб билмайди. Энг қадимги динлардан бўлмиш буддизмнинг ҳамма йўналишлари (тантризмдан ташқари) етукликка эришишда никоҳ қурмасликни маъқуллайди. Шунинг учун кўпчилик роҳиблар никоҳ қурмай умр кечиришга маҳкум. Буддизмда никоҳ дин томонидан инсонга юкланган вазифа эмас, балки ижтимоий институт деб ҳисобланади. Будда аёлда унинг таълимоти учун даҳшатли хавфни кўрган, чунки у эркак кишини кўпроқ қизиқтирувчи, уни ғайритабиий йўлидан чалғитувчи ва табиий истакларини қўзғатувчи эди. Католик ва православ эътиқодида бўйдоқлик кўпроқ қадрланади. Исо Масиҳнинг «энг юқори маънавий эзгуликка эришиш учун никоҳдан бутунлай воз кечиш» ҳақидаги сўзлари (ўзларининг эътиқоди бўйича) насронийларнинг дунёқарашига таъсир қилиб, руҳонийларнинг никоҳдан воз кечишларига олиб келган.
Бугунги кунда Ғарбда айрим олимлар никоҳни мутлақо йўқотиб қўяқолишни таклиф қилмоқда, бу таклифни илмий асослашга ҳам уринмоқда. Чунончи, АҚШ хотин-қизлар озодлиги ҳаракати вакилларидан Катрин Перутц «Никоҳ дўзахдир» номли китобида: «Никоҳ киши эркинлигини чеклаб қўяди, у инсон табиатига зид нарсадир», — дейди. Даниялик психолог олима Инга Хегелер фикрича, ҳар 100 никоҳдан 90 таси эр-хотин хоҳламайдиган никоҳдир. У умр бўйи бир киши билан никоҳда туриш нотўғри, эркин танлашни чеклаш мумкин эмас, дейди. Ҳатто ака-сингилларнинг никоҳи юридик жиҳатдан тан олинмоғи лозим деб ҳисоблайди.
Ҳозирги кунга келиб бундай қараш тарафдорларини Ўзбекистонда ҳам учратиш мумкин. Шаҳарларда ўтказган тадқиқотларимизга кўра, одамлар эркак ва аёлнинг никоҳсиз бирга яшаётганини эшитса, ҳатто ҳайрон бўлмайдиган ҳам бўлиб қолган. Бундай яшаш турмуш тарзи фанда «фуқаролик никоҳи» деб аталади. Бундай никоҳда эркак ва аёл худди эр-хотиндек бирга яшайди, аммо қонуний ёки диний никоҳдан ўтмаган бўлади, шу билан улар ўз эркинликларини маълум даражада сақлаб қоладилар ва эрлик ёки хотинлик мажбуриятини ўз бўйниларига олмайдилар.
Социологларнинг тадқиқотига кўра, фуқаролик никоҳларининг сони борган сари кўпайиб бормоқда. Масалан, Т.А. Гурконинг маълумотича, Россиянинг 4 та шаҳрида, 1992 йили олиб борилган тадқиқотларга биноан, ёш оналарнинг 13 фоизи қонуний никоҳдан ўтмаган бўлиб, фуқаролик никоҳида яшаётганликларини маълум қилган. Бу эса, ўз навбатида, никоҳсиз туғилган болалар сонининг кўпайишига олиб келмоқда. Масалан, Россиянинг ўзида 1980 йили никоҳсиз болалар 10,8 фоизни ташкил қилган бўлса, 1994 йилда эса улар 19,6 фоизни ташкил қилган.
Ўз навбатида, Америка (АҚШ) оилаларининг инқирози шунда намоён бўлдики, америкаликлар никоҳ қуриш ўрнига расмиятчиликсиз бирга яшашни ХХ асрнинг бошлариданоқ лозим кўрган. Буларнинг сони, 1980 йилнинг маълумотига кўра, 2,7 миллион бўлиб, олдин ахлоқсиз ва норасмий деб ҳисобланган бундай бирга яшашлар ХХ асрда оила деб аталадиган бўлди. Бундай «очиқ» никоҳни ҳатто айрим олимлар ҳам қўллаб-қувватламоқда. Масалан, Р.Мазур инсонни никоҳ билан жинсий чеклаш ва унга бу борада жинсий эркинлигига масъулият юклаш инсон табиатига зид деб ҳисоблайди.
Аммо италиялик мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, ХХ асрнинг охирида ҳар беш нафар европаликнинг бири уйқусизликдан азоб чекар экан. Бунинг асосий сабаби ёлғизликдир. Оилавий ҳаёти кўнгилдагидек бўлган кишиларда эса уйқунинг ташвиши бўлмаган.
Янги йирик тадқиқот шуни кўрсатдики (Буюк Британия, 2007), 10 йил кузатиш давомида 10 000 ёлғиз яшайдиган британияликнинг 600 нафари оламдан ўтган. Тадқиқот натижаларига кўра, ёлғизлик ҳолатининг ўзи сигарет, вино ёки ортиқча вазн каби ташвишлардан кўра ҳам инсон умрининг кўпроқ ёшини олиб қўяди. Ёлғизликнинг салбий асоратлари инсон 30 ёшдан ўтганидан сўнг ўзини кўрсата бошлайди. Сабаби ёлғиз яшайдиган инсонлар носоғлом турмуш тарзини кечиради. Дўстлар билан кўп учрашганликлари сабабли кўп алкоголли ичимликлар ичади, кам овқатланади, масалан, эрталабки нонуштани қилмасликлари мумкин ва жуда кўп ишлайди, чунки ишдан бошқа вақт ажратиш керак бўлган шерикнинг ўзи йўқ. Шунингдек, уларда ўз ҳиссиётларини ёки муаммоларини баҳам кўрадиган инсон йўқ. Тадқиқот раҳбари доктор Эндрю Освальд айтганидек, ёлғиз инсонлар тамаки чекадиган кашандалар билан баравар бевақт оламдан ўтишлари мумкин.
Умуман, тиббиётда жинсий ҳаёт фақат турмуш қургандан кейин бошланиши керак бўлиб, жинсий ортиқчаликлар ва жинсий бузуқликлар асаб тизимини ҳолдан тойдирадиган омил ҳисобланади.
«… Уйланишнинг кўп қийинчиликлари ва заҳматлари бор. Одамларнинг табиатига эса роҳат ёқади. Агар одамнинг ихтиёри ўз қўлида бўлса эди, бўйдоқлик роҳати ва озодлигини уйланиш азоби ва меҳнатига асло қурбон қилмасди. Бинобарин, ҳазрати ҳакими Қодир эркагу аёл мижозига шаҳватни қўшиб берган. Улар шаҳват тақозоси билан бирга бўлишни истаб уйланадилар. Оқибатда фарзанд соҳиби бўладилар. Ана шундай сабабларга кўра, башарият насли Илоҳ иродаси билан охиратгача боқий қоладилар», — деб ёзади Абдурауф Фитрат.
Умуман олганда, никоҳ оила қуришнинг биринчи устунидир. Сабаби ёлғиз яшашдан энг ёмони йўқ. Ёлғиз яшаб ўтган буюк одамлар оддий оилавий бахтга эришганларга ҳавас қилишган. Рус ёзувчиси И.С.Тургенев: «Мени ўйловчи, қутловчи ғамхўр аёл бўлса эди, бутун истеъдод ва китобларимдан ҳам воз кечар эдим», — деган эди. Ҳазрат Умар (р.а.) эса шундай деган: «Уч кундан кейин ўлишимни билсам ҳам, бўйдоқ ўтишдан уйланмоқни афзал кўраман».
Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, исломдан аввал ва ундан кейин ҳам никоҳдан ўтиш зарур ҳисобланган. Шу асосда халқнинг тарихий ривожланиши маҳсули, унинг яшаш шароити, муҳити, биргаликда ишлаши ва ҳамкорлик қилиши натижасида никоҳ билан боғлиқ миллий маросимлар, урф-одатлар, анъаналар вужудга келган. Ғарбда бу нарсага жуда эркин қаралади, яъни никоҳ қуриб яшаш ҳар бир инсоннинг ўз хоҳиш-истагига боғлиқ бўлиб, никоҳсиз яшаш жамият томонидан унчалик қораланмайди, ҳатто баъзи олимлар никоҳни умуман бекор қилиш ниятида ҳам. Шарқда эса бунинг аксидир. Хусусан, ислом дини никоҳсиз алоқани маъқулламайди, яъни буни гуноҳ деб билади. Шу билан бирга, ислом динида никоҳ маълум бир одамларга тақиқланган ҳам. Ўзбекларда никоҳли оила қуриш ҳам фарз сифатида, ҳам миллий қадрият сифатида қадрланади. Бунинг ахлоқий, тиббий, шаръий ва бошқа асослари ҳам мавжуд.