16:43 | 17.05.21 54

Қашқадарёда ишдан ноқонуний бўшатилган мактаб директори вазифасига тикланди

Шунингдек, унга 19 млн сўмга яқин компенсация ундирилиши белгиланди

Қашқадарё Халқ таълими бошқармаси томонидан ноқонуний ишдан бўшатилган Миришкор тумани 11-сонли мактаб собиқ директори Шомурод Эрназаров вазифасига тикланди. Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Омбудсман ахборот хизмати

Хабарга кўра, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га 11-сонли мактаб собиқ директори Шомурод Эрназаров вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан ноқонуний ишдан бўшатилгани ҳақида мурожаат қилган. 9 йиллик раҳбар тажрибасига эга фуқаро мурожаатида ғайриқонуний ишдан олиниши бўйича фуқаролик ишлари бўйича Қарши шаҳар туманлараро суди ҳамда вилоят фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига даъво аризаси киритгани, лекин улар қароридан норози эканини ёзган.

Мурожаатда қайд этилишича, у мактаб директори лавозимига тайинланган даврдан то 2020 йилгача бирор маротаба Халқ таълими бошқармаси томонидан интизомий жазога, хизмат юзасидан огоҳлантириш ёки маъмурий жавобгарликка тортилмаган.

Мазкур мурожаатни Омбудсман фуқаро томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосан ўрганганида, уни ишдан бўшатишда асос сифатида келтирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилмагани, унда қалбаки кўрсатмалар мавжудлиги ҳамда тегишли Халқ таълими бошқармаси томонидан меҳнат қонунчилигининг қатор моддалари қўпол равишда бузилгани аниқланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига қуйи инстанцияларнинг суд ҳужжатларининг бекор қилиниши ҳамда янги адолатли суд қарор қабул қилиниши бўйича омбудсман хулосаси тақдим этилди. Суд мажлисида омбудсман хулосаси эътиборга олиниб, биринчи инстанция суди ва вилоят судининг ушбу ходим бўйича чиқарган қарорлари бекор қилинди. Шунингдек, Шомурод Эрназаровни вилоят халқ таълими бошқармасининг ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруғи ноқонуний деб топилиб, собиқ директорни ўз лавозимига тиклаш бўйича қарор қилинди ҳамда мурожаатчига мажбурий прогул учун 19 миллион сўмга яқин компенсация ундирилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда 151 мингдан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тиклангани ҳақида хабар берилган.