Bugun Science. Чодир тўқувчи математик. Умар Хайём ҳақида 5 дақиқалик мутолаа

5-сониялик факт. Хайём сўзининг айнан таржимаси «чодир тўқувчи», «чодирдўз» дегани бўлади.

Мулоҳаза учун 55 сония. Жуда кўпчилик Умар Хайёмни, аввало, фалсафий рубоийлари билан танилган шоир деб билади. Ҳақиқатан ҳам Умар Хайёмнинг илмий ишларидан кўра рубоийлари бутун дунёда машҳурроқ. Унинг асл исми шарифи Ғиёсиддин Абулфатҳ Умар ибн Иброҳим бўлган. Юқорида айтилганидек, «Хайём» унинг тахаллуси бўлиб, ҳақиқатан ҳам олим чодир тўқувчи ҳунарманд оиласида дунёга келган. Ғиёсиддин Умар ибн Иброҳим ҳозирги Эроннинг Нишопур шаҳрида 1048 йилнинг 18 майида туғилган. Яъни бугун ушбу буюк мутафаккир шоир ва олим таваллудига 973 йил тўлди.

Фото: «Troovez»

Умар Хайём ўша пайтнинг энг йирик илм марказларида, хусусан, Балхда, Самарқанд ва Бухорода таълим олган. У ўн йилга яқин муддат Бухорода истиқомат қилиб, математикани ўрганган ва ўзи ҳам ушбу фанга оид тўртта йирик асар ёзган. 1074 йилда Умар Хайёмни Салжуқ султони Маликшоҳ ҳузурига, Исфаҳонга таклиф қилишади ва у ўша пайтда дунёдаги энг йирик расадхоналардан бири бўлган Исфаҳон расадхонасида астрономик тадқиқотлар билан шуғуллана бошлайди. Шу йилларда у ўз астрономик кузатувлари ва математик ҳисоб-китоблари орқали, дунёдаги энг аниқ тақвим, яъни календарни тузиб берган.

Асосий қисм, 4 дақиқа.  Умар Хайёмнинг асосий фаолияти аниқ фанлар — асосан математика ва астрономия билан боғлиқ бўлган, десак асло муболаға эмас. Ҳатто уни фақат рубоийлари орқали таниганлар ҳам, хусусан, қуйидаги мазмундаги тўртликларига дуч келган бўлишлари аниқ:

Дилим илмлардан маҳрум бўлмабди,

Бир сир қолмабдики, мавҳум бўлмабди.

Туну кун ўйладим етмиш икки йил,

Онгладим — ҳеч нарса маълум бўлмабди.

Умар Хайём 8 ёшида Қуръонни тўлиқ ёд олган ва исломий фиқҳ илмини жуда пухта бўладиган йигит бўлган. 16 ёшида отасидан айрилгач, бор будини сотиб, илм олиш мақсадида ўз даврининг энг йирик илм маркази — Самарқандга йўл олади ва бу ерда дастлаб мадрасада таҳсил олади. Кейинроқ у Бухорога кўчиб ўтиб, шаҳардаги энг катта кутубхонада фан билан машғул бўлган. Бир муддат у ҳаким сифатида, яъни врач бўлиб фаолият юритгач, кўпроқ вақтини математика, хусусан, Евклид ва Ал-Хоразмий асарларини ўрганишга сарфлай бошлайди ва ушбу олимларнинг фундаментал асарларини тадқиқ қилиб, уларга шарҳлар ёза бошлайди. Масалан, ўрта аср математикасида Умар Хайёмнинг «Ал-Жабр вал-Муқобаладаги масалаларнинг исботлари ҳақида рисола» номли асари жуда катта машҳурликка эришган бўлиб, унда олим ал-Хоразмийнинг «Ал-Жабр вал-Муқобала» асарида кўрсатиб ўтилган иккинчи ва учинчи даражали тенгламаларни ечиш усулларига батафсил тўхталиб ўтган. У мазкур асарга шунчаки шарҳ ёзиш билан чекланиб қолмай, балки унга мазмунан янги ғоялар ҳам киритади. Масалан, Умар Хайём таклиф қилган умумлаштиришлар исталган кубик тенгламани ечиш учун татбиқ қилса бўладиган тарзда ифодалангани билан диққатга сазовордир. Бундан ташқари, олим ўзининг мазкур асарида, учинчи даражали, яъни кубик тенгламаларни таснифлаш масаласини ҳам кўриб чиқади ва кубик тенгламаларни конус кесимлари орқали ифодалаб ечиш усулларини ҳам кўрсатиб беради. Хайёмнинг мазкур «Рисола»сида, шунингдек, илк бора алгебра фанига ҳам таъриф берилган. Чунончи у, алгебра бу — тенгламаларни тузиш ва ечиш орқали маълум қийматлар билан муайян нисбатларга эга бўлган номаълум қийматларни аниқлаш илмидир, дейди.

Ал-Хоразмий асарларидан ташқари Умар Хайём, шунингдек, Евклид асарларига ҳам шарҳлар битган бўлиб, хусусан, унинг 1077 йилда ёзиб тугатган «Шарҳ ма ашқала мин мусодарат китоб Уқлидис» номли асарида параллель тўғри чизиқлар ҳақидаги машҳур постулатга оид қизиқ изоҳлар келтирилган. Бу ўринда «Уқлидис» деб олим қадимги юнон математиги, геометрия фанининг отаси деб таърифланадиган Евклидни назарда тутади. Ўрта аср араб математикларининг кўпчилиги айнан Евклид асарлари орқали геометрияни ўрганган бўлиб, шу сабаб уни ўзларига устоз деб билишган. Умар Хайём ҳам бундан истисно бўлмаган. Китоб номининг ўзини эса «Евклид китобига киришдаги мушкулликларга изоҳ» деб таржима қилиш мумкин. Унда муаллиф илм-фан тарихида биринчилардан бўлиб ноевклид геометрияси ҳақида сўз очади. Биламизки, ноевклид геометрияси шундан кейин деярли саккиз аср мобайнида панада қолиб кетди ва ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан кейингина Риман ва Лобачевский тадқиқотларидан сўнг тараққий эта бошлади.

Фото: «Muslim Heritage»

Умар Хайёмнинг астрономия соҳасидаги изланишлари ҳақида юқорида қисқача гап бошлаган эдик. У Исфаҳон расадхонасига раҳбарлик қилган йиллари ўз кузатишлари орқали мингдан зиёд энг ёрқин юлдузларнинг каталогини тузган бўлиб, Умар Хайёмнинг юлдузлар каталоги «Зижи Малик», яъни Маликшоҳ жадвали деб номланган. Шунингдек, биз юқорида у томонидан дунёдаги энг аниқ тақвим тузилганини ҳам айтиб ўтдик. Ҳақиқатан ҳам, Умар Хайём Қуёшнинг зодиакал юлдузлар фонидаги ҳаракатига асосланиб тузган тақвими ўша пайтда Европада қўлланган Юлиан календаридан катта аниқликка эгалиги билан фарқланиб турган ва бу биринчи навбатда, баҳорги тенг кунлик, яъни Наврўз санасида Қуёшнинг Ҳамал буржига киришини аниқ белгилашга асосланган бўлиб, бу календарни ҳам Маликшоҳ тақвими дейилган. У Эронда 1079 йилдан бошлаб амалга жорий қилинган. Умар Хайём тузган ушбу Маликшоҳ тақвимида ойлар 29 кундан 32 кунгача давом этиши мумкин эди ва унда 33 йилда 8 та кабиса йили келарди. Эрон ушбу тақимдан ХХ асргача фойдаланган. Маликшоҳ тақвими ҳатто ҳозир биз фойдаланадиган Григориан тақвимидан ҳам аниқроқ бўлган. Бу ҳам бўлса, Умар Хайёмнинг математик истеъдоди ва астрономик синчковлиги нақадар кучли бўлганидан даракдир.

Буюк олим ва файласуф Умар ибн Иброҳимдан «Хайём», яъни «чодирдўз» тахаллуси ҳақида сўрашганида, у «илмга чодир тикканман», деган экан.

Бугун оқшоми. Метрода ҳаракатланган президент, уйларнинг зилзила бардошлигига «гарантия» беролмаган мутасадди ҳамда Тошкентда янги қурилишларга ўрнатилган чеклов
Янгиликлар21:00 | 8.2.23
Бугун оқшоми. Метрода ҳаракатланган президент, уйларнинг зилзила бардошлигига «гарантия» беролмаган мутасадди ҳамда Тошкентда янги қурилишларга ўрнатилган чеклов
Самарқанд халқаро технология университети ўзининг янги кампус макетини тақдим этди
Янгиликлар18:53 | 8.2.23
Самарқанд халқаро технология университети ўзининг янги кампус макетини тақдим этди
Тошкент шаҳрида янги қурилишларга чеклов ўрнатилади
Янгиликлар18:40 | 8.2.23
Тошкент шаҳрида янги қурилишларга чеклов ўрнатилади
«Ўзбекгидроэнерго» Ҳиндинстон компанияси билан инновацион гидроагрегатларни етказиш бўйича шартнома имзолади
Янгиликлар18:00 | 8.2.23
«Ўзбекгидроэнерго» Ҳиндинстон компанияси билан инновацион гидроагрегатларни етказиш бўйича шартнома имзолади
Туркия ва Сурияда зилзила қурбонлари сони 9 минг кишидан ошди
Янгиликлар17:41 | 8.2.23
Туркия ва Сурияда зилзила қурбонлари сони 9 минг кишидан ошди
Жо Байден Конгрессга йиллик мурожаатини йўллади. АҚШ президенти Украинани қўллаб-қувватлашга ваъда бериб, Россияни бирор марта тилга олмаган
Янгиликлар17:07 | 8.2.23
Жо Байден Конгрессга йиллик мурожаатини йўллади. АҚШ президенти Украинани қўллаб-қувватлашга ваъда бериб, Россияни бирор марта тилга олмаган

Муҳим хабарлар

Самарқанд халқаро технология университети ўзининг янги кампус макетини тақдим этди

18:53 · 08.02.2023

Туркия ва Сурияда зилзила қурбонлари сони 9 минг кишидан ошди

17:41 · 08.02.2023

Жо Байден Конгрессга йиллик мурожаатини йўллади. АҚШ президенти Украинани қўллаб-қувватлашга ваъда бериб, Россияни бирор марта тилга олмаган

17:07 · 08.02.2023

Орол денгизининг суви қуриган тубида «яшил қопламалар» барпо этишга 25 млрд сўм ажратилади

16:33 · 08.02.2023

Ўзбекистон Туркманистондан етказилмаган газ учун пул компенсацияси талаб қилгани рад этилди

15:59 · 08.02.2023

Ўзбекистонда 9 февраль куни аксарият ҳудудларга ёмғир ёғади

15:25 · 08.02.2023

Ўзбекистонлик қутқарувчилар Туркияда вайроналар остидан 9 кишини қутқариб олди — видео

14:55 · 08.02.2023

Ўзбекистондаги уйлар зилзилага қанчалик бардошли? Қурилиш вазири ўринбосари жавоб берди — видео

12:23 · 08.02.2023

Туркия ва Суриядаги зилзилалар қурбонлари сони 8 мингга яқинлашди

11:49 · 08.02.2023

Фарғонада журналист ва Telegram-каналлар маъмурлари 15 суткага қамалди

18:30 · 07.02.2023