Дунёдаги экологик жиҳатдан энг тоза шаҳар аниқланди
Австралия пойтахти Канберра ифлосланиш, яшил майдонлар сони, углерод гази ва кўчмас мулк арзонлиги бўйича энг яхши шаҳарлар орасида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Буюк Британиянинг «Uswitch» нархларни таққослаш сайтига таяниб, «Independent» хабар берди.

Маълум қилинишича, таҳлилчиларнинг ушбу хулосаси шаҳар ўз эҳтиёжлари учун энергиянинг 48 фоизини экологик тоза манбалардан олаётгани билан асосланган. Шунингдек, қуёш энергиясидан фойдланувчи пойтахтда кўплаб шамол станциялари ҳам ўрнатилган. Бундан ташқари, шаҳар энг паст ифлосланиш кўрсаткичларидан бирига эгалиги қайд этилган.
Рейтингнинг иккинчи поғонасини Испаниянинг Мадрид шаҳри эгаллаган. Кучли учликка Австралиянинг яна бир шаҳри — Брисбен якун ясаган. Кучли ўнталикка, шунингдек, Дубай, Копенгаген, Франкфурт, Гамбург, Прага, Абу-Даби ҳамда Цюрих киритилган.
«Бизнинг тадқиқотимиз қайси шаҳарлар барқарорлик ривожланишда етакчи эканини, қайси шаҳарларнинг эса атроф-муҳитга таъсирини яхшилаш учун кўпроқ харакат қилиши кераклигини кўрсатди», дейилади хабарда.
Аввалроқ дунёдаги энг нуфузли «кучли ўнталик» давлатлар рейтинги эълон қилинган. Шунингдек, «Forbes» энг сахий одамлар яшайдиган давлатлар номини айтганди.