12:07 | 20.05.21 93

Адлия вазирлиги Андижонда депутат дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилингани бўйича муносабат билдирди

Вазирлик бу бўйича Bugun.uz’га маълумот берди

Андижон шаҳар кенгаши депутати прокурор тақдимномасига кўра дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилингани ҳақида хабар тарқалганди. Адлия вазирлиги бу бўйича муносабат билдирди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Telegram/ @deputat_kusherbayev

Маълум қилинишича, 17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида депутат Ш.К.ни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини кўриб чиқишда Миллий гвардия ходимлари томонидан айрим депутатлар тинтув қилинаётган ҳолати акс этган фотосуратлар тарқалган. Бу эса кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган. Таъкидланишича, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунга кўра ҳар бир депутатга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароит кафолатланади.

Унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилиниши, депутатнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилган шахслар қонунга мувофиқ маъмурий, жиноий ёки ўзга тарзда жавобгар бўлиши, депутатлик ваколатларини амалга оширишига тўсқинлик қилиш мақсадида депутатга қандай тарзда бўлмасин таъсир кўрсатишга йўл қўйилмаслиги, депутат олдидаги ўз вазифаларини бажармайдиган, унинг ишига тўсқинлик қиладиган, била туриб унга ёлғон ахборот берадиган, депутат фаолиятининг кафолатларини бузадиган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги қарори билан тасдиқланган Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашининг намунавий регламентига мувофиқ сессия ўтказиладиган вақт, сана ва жой ҳамда кун тартиби кенгаш депутатлари эътиборига сессия очилишидан камида етти кун олдин етказилиши, депутатларга танишиб чиқиш учун ҳужжатлар юборилиши, сессиялар очиқ, ошкора ўтказилиши ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилиши, зарур ҳолларда кенгаши ёпиқ сессия ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.

Мазкур кенгаш сессиясида депутатларнинг дахлсизлиги бузилиб, телефон ва овозли видеога олувчи мосламаларни олиб кириши тақиқланган ҳамда айрим депутатлар тинтув қилинган.

Ҳолат бўйича адлия органлари томонидан ҳалқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашига ҳамда Миллий гвардия Андижон вилоят Қўриқлаш бошқармасига тақдимномалар киритилган. Унда келгусида бундай қонунбузилишларга йўл қўйилмаслиги ҳамда айбдор шахсларга нисбатан чора кўриш сўралган.

Аввалроқ халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашида қатнашган депутатлар тинтувдан ўтказилгани юзасидан изоҳ берилганди. Шунингдек, Бош прокуратура Андижонда депутат дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилингани бўйича баёнот берган.