Бош прокуратура Андижонда депутат дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилингани бўйича баёнот берди
Аввалроқ у халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши сессиясида тинтув қилинганди
Андижон шаҳар кенгаши депутати прокурор тақдимномасига кўра дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилингани ҳақида хабар тарқалганди. Бош прокуратура бу бўйича баёнот берди.

Маълум қилинишича, Андижон шаҳар прокуратураси томонидан 3 март куни «Alliance R.C.» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 228 ва 229-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов тегишлилиги бўйича Андижон шаҳар Ички ишлар органлари тергов бўлимига юборилган. Аниқланишича, «Alliance R.C.» МЧЖга Андижон шаҳар ҳокимининг 2017 йил 15 июлдаги қарори билан Андижон шаҳар Бўстон даҳаси У.Юсупов кўчасида жойлашган 4 гектар ер майдони кўп қаватли аҳоли турар жой бинолари, коттеж типидаги турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, иссиқхоналар, умумий овқатланиш ва чойхона бинолари қуриш ҳамда мевали боғ яратиш учун ажратилган.
«Alliance R.C.» МЧЖ мансабдор шахслари ер ва шаҳарсозликка оид қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг талабларига амал қилмасдан ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошлаган.
Қурилиш ишларини лойиҳалаш ва рухсатномалар олиш учун асос ҳисобланган «Архитектура меъморий режалаштириш топшириғи»ни соҳталаштириб, ҳоким қарорида кўрсатилган 4 гектар ер майдонига қўшимча равишда яна 6 гектар ер майдонини қўшиб олиб, жами 10 гектар ер майдонига қалбаки топографик чизма тайёрлашга эришган.
Бунинг оқибатида мазкур 6 гектар ер майдони доирасида шаҳар ҳокимининг қарорларига асосан ер участкалари ажратилган тадбиркор ҳамда бир нечта фуқароларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқлари бузилган.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний қурилиш қилинган 0,36 гектар ер майдонини электрон аукцион савдоларида сотиш имконияти йўқотилган ва давлат бюджетига 190,8 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Тергов ҳаракатлари давомида «Alliance R.C.» МЧЖнинг раҳбари ҳисобланган Ш.К. халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати экани аниқланган.
Тўпланган ҳужжатларга кўра, депутат Ш.К.ни айблаш учун асослар етарли деб топилиб, 6 май куни шаҳар прокурори томонидан халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашига депутатлик мақомидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритилган.
Тақдимнома 17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида кўриб чиқилиб, Ш.К.нинг депутатлик мақоми бекор қилинган.
Иш бўйича тергов ҳаракатларининг ҳар томонлама, тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Избоскан тумани прокуратурасига топширилган.
Қонунчиликда тергов ҳаракатларига аралашиш, яъни унинг ҳар томонлама, тўла ва холисона ўтказилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлик учун тегишли жавобгарлик белгиланган.
Шунингдек, амалдаги қонунчиликда қуйи турувчи прокурорга кўрсатмалар бериш, унинг ҳар қандай, шу жумладан процессуал қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш, прокурорлар ишларининг тўғри ташкил этилиши фақат юқори турувчи прокурор томонидан амалга оширилиши қатъий мустаҳкамланган.
Аввалроқ Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашида қатнашган депутатлар тинтувдан ўтказилгани юзасидан изоҳ берилганди. Шунингдек, Қашқадарёда туман депутатлиги учун ўтказилган сайлов ҳаққоний эмас деб топилгани маълум қилинган.