Наманган шаҳрида 19 ёшли қизни қаматиш билан қўрқитиб, ундан мунтазам равишда пул олиб юрган аёллар суд қилинди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Хабарга кўра, шаҳарда яшовчи Ф.А. ҳамда Д.К. олдиндан жиноий тил бириктириб, 2019 йил ноябрь ойи охирларида вояга етмаган М.Т.га ойнинг бошида бозорда сотган тилла тақинчоғи сохта чиқиб қолгани учун шаҳар ички ишлар бўлими суриштирув бошлаганини айтган. Аниқланишича, бу ишни ёпиш учун пул кераклигини айтиб, агарда пул бермаса, уни қаматиб юбориш билан қўрқитган.

Таъкидланишича, қиздан онаси М.С.га тегишли бўлган нархи 900 минг сўмлик узукни олган. Шундан сўнг узукни номаълум шахсга сотиб, пулини шахсий манфаатлари учун сарфлаган. Улар шу тарзда қиздан умумий нархи етти миллион сўмлик 3 дона узук ва бир жуфт сирғани қўлга киритган.

Шунингдек, аввалгидек М.Т.дан яна 200 доллар ва 15 миллион 700 минг сўмлик тил­ла тақинчоқларни олган.

Бу ҳолатдан кечикиб хабар топган М.С. ҳуқуқни му­ҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилган. Ҳолат юзасидан Ф.А. ва Д.К.га нисбатан Жи­ноят­ кодекснинг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қис­ми «а» ва «в» бандлари билан­ жи­­­ноят иши қўзғатилган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида айбланувчиларга қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланган. Бундан ташқари, судланувчилардан 20 миллион 669 минг сўмлик зарарни М.С. фойдасига ундириш белгиланган.

Аввалроқ Тошкентда фуқаронинг шахсий маълумотларини тарқатмаслик учун пул талаб қилган аёллар ушлангани хабар қилинган. Шунингдек, Сирдарёда тадбиркорни жарима солиш билан қўрқитиб, 5 минг доллар пул талаб қилган мансабдор ушлангани малум қилинган.