16 май — Халқаро биографлар куни. Дунёга машҳур беш биографик асар

16 май — Халқаро биографлар куни сифатида нишонланади. Сана муносабати билан «Bugun.uz» биографиялар тарихи ва машҳур биографик асарлар ҳақида фикр юритади.

Биография — бир инсон ҳаётининг бошқа одам томонидан ёзилган батафсил тавсифи ёки одамнинг ўзи томонидан ёзилган таржимаи ҳоли (автобиография) ҳисобланади. Бунда инсоннинг нафақат таълим, иш, оилавий аҳволи, балки ҳаёти давомида бошдан кечирган фикрлари, ҳаётий тажрибалари ҳам акс эттирилади.

Биографлик кўп асрлар давомида мавжуд бўлган. Биринчи биограф сифатида эса эрамизнинг биринчи асрида яшаган қадимги юнон файласуфи Плутарх тилга олинади. У кўплаб тарихий шахслар, ҳусусан қонун чиқарувчи Спарталик Ликург буюк қўмондонлар — Александр Македонский, Гай Юлий Цезар ва бошқалар ҳаёти ҳақида қўлёзмалар ёзиб қолдирган.

Жаҳонда таниқли биографлар сифатида эса Светон, Тацит, Стефан Цвейг, Андре Моруа, Рон Черноу, Уолтер Айзексонлар эътироф этилади. Биографияларни ўқиш эса жуда фойдали бўлиб, бунда киши бошқалар xатоларидан сабоқ чиқариб, улар тажрибасини бевосита бошдан ўтказишлари мумкин. Муваффақиятли кишиларнинг ҳаёт йўли эса кўпчиликни мақсадлари сари олға интилишга руҳлантиради.  Қуйида эса сизларни кишиларни руҳлантирувчи энг машҳур 5 та биографик асар билан таништирамиз.

Демак, кетдик!

Фото: «Amazon»
  • «Вашингтон: Ҳаёт» — Рон Черноу.

Америкалик тарихчи ва биограф Рон Черноу 6 йиллик изланишлар ва архив ҳужжатлари асосида 2010 йилда АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон ҳақидаги биографик асарини ёзиб тугатган. Асар президентнинг болалик йилларидан бошлаб то унинг британ армиясидаги хизмати, Америка революциясидаги қўмондонлиги ва икки муддатли президентлик фаолиятини ҳам қамраб олади. Нафақат иш-фаолияти, балки Вашингтоннинг шаxсий ҳаёти, қарашлари, хоббиси ва мураккаб оилавий муносабати ҳақида ҳам батафсил ҳикоя қилади. Оддий қишлоқ боласининг қандай қилиб мустақил давлат президенти даражасига етганини, албатта, асарни ўқиб билиш мумкин.  Китобни кўплаб танқидчилар юқори баҳолаган ва 2011 йил муаллифга Пулицер мукофотини олиб келган.

  • «Илон Маск. Tesla ва SpaceX кeлажак сари йўл» — Эшли Вeнс.

Бу китоб замонамизнинг энг машҳур ва шижоатли ихтирочиси ҳақида. Илон Маск аксарият одамлар ҳатто xаёлига сиғдира олмайдиган нарсаларни ҳақиқатга айлантирмоқда ва кўплаб xаёлпарастларни янада илҳомлантирмоқда, десак адашмаймиз.

Фото: «Amazon»

Табиийки, бундай шахснинг ҳаёт йўли кўпчилик учун қизиқарли бўлади. Журналист Эшли Венс асарда Маскдан олган кўплаб интервьюлари ва маълумотлари асосида замонамизнинг энг бой одамининг болалиги, ҳозирда қандай яшаши, оиласига қанча вақт ажратиши ва футуристик лойиҳаларини қандай яратиши ҳақида сўзлаб беради. Ҳозирда энг муваффақиятли кишилардан бири сифатида эътироф этилувчи Илон Маск асли Жанубий Африка Республикасида туғилган. Болалигида компьютер, интернет ҳақида умуман тасаввури бўлмаган, аммо китобларга қаттиқ меҳр қўйган. Унинг бугунги ақлбовар қилмас ғояларига ҳам айнан фантастик китоблар мутолааси сабаб бўлганини кўп таъкидлайди. Венснинг китоби нафақат одатий биография, балки ҳар қандай инноватор учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.

  • «Пойабзал сотувчиси» — Фил Найт.

«Nike» бугунги кунда энг таниқли жаҳон брендлардан бири. Бу китоб эса компания асосчисининг автобиографик асари ҳисобланади. Компания асосчиси Фил Найт болалигида «Adidas» кроссовкаларини сотиб олишга ҳам имконияти бўлмаган. Аммо бугун у дунёнинг энг бой одамлардан бири ва «Adidas» компаниясининг энг ашаддий рақобатчи компанияси асосчисидир. 50 йил олдин, Орегон университети талабаси Фил отасидан 50 доллар қарз олади ва Япониядан кроссовкалар келтириб, қайта сотишни бошлайди. Бир йил ўтиб, ёш тадбиркор  маблағни 8000 долларга айлантирган. Бугунги кунда эса «Nike» компаниясининг йиллик айланмаси  30 миллиард  долларга етган.

Фил Найт сирли одам, у камдан-кам интервюлар беради. Ушбу китоб эса энг машҳур кроссовкалар брендини ишлаб чиқарувчи компаниянинг яратилиши ҳақида сўзлаб беради. Муаллифнинг бу йўлдаги муваффақияти, омадсизлиги, таваккалчиликлари ва омадсизликдан қандай чиққани борасида қизиқарли маълумотлар беради. Фил китобда ёзганидек, «у шунчалик чуқурликка тушадики, у ердан энди фақат тепагагина йўл қолганди». Бу тажрибалардан батафсил бохабар бўлиш учун, албатта, асарни ўқиб чиқинг.

  • «Стив Жобс» — Уолтер Айзексон

«Apple» асосчиси Стив Жобс ортиқча таърифларга муҳтож эмас. XXI асрнинг энг нуфузли тадбиркорларидан бири ва технологиялар оламида ҳақиқий инқилоб ясай олган инсоннинг ҳаёт йўли ва фаолияти билан шу асарда танишиш мумкин. Турли-туман бизнес китоблари тўпламларида доимо тилга олинувчи Стив Жобс биографияси ҳақиқий бестселлер ҳисобланади. Уолтер Айзексон китобни ёзиш жараёнида Жобсдан 40 га яқин интервьюлар олган бўлса, унинг танишлари ва яқинлари билан 100 дан ошиқ  суҳбат қурган. Китоб нафақат Стивнинг «Apple»даги фаолияти, балки ундан ҳайдалгач «NeXT» ва «Pixar»даги муваффақиятли фаолияти, Жобснинг ходимлар билан муносабатидан тортиб, то турли салбий иллатлари ҳақида ҳам ҳикоя қилади. Aгар сиз ўз ижодий энергиянгизни уйғотиш, маълум бир профессионал йўналиш топишда қийналаётган бўлсангиз, китоб сиз учун бу борада энг яхши қўлланмалардан бўлиб хизмат қилади.

  • «Озодлик сари узоқ йўл» — Нельсон Мандела.

Кимдир 27 йил турмада ўтириб чиқиб, сўнгра мамлакат президенти бўлиши мумкинми, дейилса, кўпчилик ишонмайди. Аммо Жанубий Африка Республикасининг собиқ президенти Нельсон Мандела бу фикрнинг яққол исботидир.

Фото: «Amazon»

Апартеид давридаги озодлик ҳаракатлари учун қамалган Мандела 27 йиллик тутқунликдан сўнг озодликка чиққан ва 1993 йилда Тинчлик бўйича Нобель мукофотини қўлга киритган. 1994 йилда эса ЖАР президенти этиб сайланган. Бу биографик асар ҳатто турма ҳам иродасини синдира олмаган, депрессия ва умидсизликни мардонавор енгиб ўта олган инсон ҳақида. Шунингдек, асарда шахс эркинлиги, ҳар бир инсоннинг муқаррар ҳуқуқлари ва инсон аввало ўз қалбидаги «қамоқхона»дан қутулиб чиқиши лозимлиги ҳақида фойдали маълумотлар мавжуд.

Одатда биографик асарлар журналистик жанрда, аниқ бир бадиий сюжетсиз ёритилади. Шунга қарамай бадиий, эпик жанрдаги биографиялар ҳам учраб туради. Аксинча, бадиий ҳикоялардан иборат асар сюжет сабабли китобхонларга кўпроқ қизиқарли бўлади. Хусусан, биздаги биографик асарлар Миркарим Осимнинг Навоий, Мирзо Улуғбек ва Ибн Синолар ҳаётини ёритувчи тарихий-биографик асарлари, Лазиз  Қаюмовнинг биографиялари ҳам бадиий жанрда ёзилган. Кўплаб ёзувчиларимиз ҳам ўз ҳаётларини ҳикоя қилиб беришда бадиий услубга мурожаат қилишгани сир эмас, Ойбекнинг «Болалик», Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўтмишдан эртаклар» асарлари ҳам шулар жумласидан.

Қандай жанрда бўлмасин, киши ҳаётини борича тасвирлаб берувчи,  ҳаётнинг қизғин жиҳатларини ёритувчи асарлар ўқувчига фойдали бўлиб қолаверади. Бундай асарларда биографнинг ўз фикру қарашлари эмас, балки ҳаёти ёритилаётган шахснинг кечинмалари, фикрлари ҳаққоний акс этиши даркор. Шунда бу ўй-фикрлардан хулосани ҳар бир ўқувчининг ўзи чиқариб олади ва китобдаги тажрибалардан ўз ҳаёти жараёнида ҳам фойдаланиши мумкин бўлади.

Ўзбекистонда ҳар йили 200 млн кўчат экилиб, шаҳарлардаги яшил майдонлар оширилади
Янгиликлар17:02 | 3.12.22
Ўзбекистонда ҳар йили 200 млн кўчат экилиб, шаҳарлардаги яшил майдонлар оширилади
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Янгиликлар16:29 | 3.12.22
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Янгиликлар16:18 | 3.12.22
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Спорт15:08 | 3.12.22
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди
Янгиликлар14:21 | 3.12.22
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди
Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳудудларида 5 декабрь куни қор ёғади
Янгиликлар13:15 | 3.12.22
Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳудудларида 5 декабрь куни қор ёғади