«The Sunday Times» нашри Буюк Британиядаги 2021 йилнинг 250 нафар бой одамлари рўйхатини эълон қилди. Ундан 15 нафар россиялик миллиардер қаторида Алишер Усмонов ҳам ўрин олди.

Фото: «Kremlin.ru»

Газетанинг ёзишича, Алишер Усмонов Буюк Британиядаги бой одамлар ичида энг сахий хайриячи сифатида эътироф этилган. У ва унга тегишли компаниялар 2020 йилда хайрия ишларига 500 миллион фунт-стерлинг, бойлар рўйхатининг 20 йиллик тарихида эса 4,2 миллиард фунтдан ортиқ маблағ, жумладан, Россия, Ўзбекистон ва Италияга коронавирусга қарши курашга 134,2 миллион фунт-стерлинг ажратган.

Шунингдек, Усмонов Британиянинг бойлар рўйхатида бошқа россиялик миллиардерларга нисбатан юқорироқ ўринни эгаллаган ҳамда кучли ўнталикка киритилган. У 2020 йилги рейтинг билан таққослаганда бойлар рўйхатида бир поғонага кўтарилиб, олтинчи ўринни эгаллаган. Таъкидланишича, миллиардернинг бойлиги ҳозирда «Forbes Real Time» рейтинги бўйича 18,4 миллиард долларни ташкил қилади.

Маълумот ўрнида, Россия миллиардерларининг 2021 йилнинг дастлабки 4 ойида умумий бойлиги 27,94 миллиард долларга ўсиб, Алишер Усмонов даромади эса кескин камайганди. Шу билан бирга, тадбиркор Россия миллиардерлари рўйхатидан бешинчи поғонани, дунё миллиардерлари ичида 90-ўринни сақлаб қолганди.

Аввалроқ АҚШ сенаторлари Алишер Усмоновга қарши санкция эълон қилишга чақиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Алишер Усмонов Ўзбекистонда қандай соҳаларга сармоя киритиш кераклигини айтгани маълум қилинган.