Самарқандда ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасида тортишув содир бўлди
Бунга ҳайдовчи инспекторга ҳужжатларни тақдим этмагани сабаб бўлган
Самарқанд вилоятида йўл патруль-хизмати инспектори ва ҳайдовчи ўртасида тортишув содир бўлди. Бу бўйича Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ҳолат 4 май куни содир бўлган. ЙПХ инспектори О.О. М-39 автомобиль йўлининг 1119-километрида жойлашган «Омон Қўтон» ЙПХ масканида ҳизмат олиб бораётган вақт «Lada Vesta» русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси қувиб ўтиш қоидаларини бузгани учун тўхтатилган. Ҳайдовчидан ҳужжатларини тақдим қилиши сўралганида ҳайдовчи ЙПХ инспекторига ҳужжатларни тақдим қилмаган.
Ходим ва ҳайдовчи ўртасидаги тўлиқ мулоқот инспекторнинг боди камерасида қайд этилган. ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасидаги мулоқот юзасидан Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан хизмат текшируви тайинланган.
Аввалроқ Самарқандда «Lacetti» ҳайдовчиси ЙПХ ходимига бўйсунмасдан қочиб кетгани хабар қилинганди. Шунингдек, Андижонда ҳайдовчиларни видеога олиб, «YouTube’га чиқарадиган» ЙПХ ходими бўйича маълумот берилган.