Ўзбекистон ҳудудига тегишли бўлган иккита қишлоқ расмий равишда Қозоғистонга ўтди
Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида жойлашган Боғис ва Хиёбон қишлоқлари расман Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳудудига ўтди. Ҳукуматнинг тегишли қарорини Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин имзолади. Бу ҳақда «Informburo» хабар берди.

Қайд этилишича, Туркистон вилоят маслаҳати 2021 йил апрелда ҳукуматга томонларнинг келишуви билан Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтган ерларни қўшиб, минтақа чегараларини ўзгартириш таклифини киритган.
«Қозоғистон Республикаси Ҳукумати қарор қилади: Туркистон вилояти чегаралари умумий майдони 795,62 гектар бўлган Боғис ва Хиёбон аҳоли пунктлари ерлари қўшилиб, ўзгартирилсин», дейилади қарорда.
Унга кўра, Сариоғоч чегараси ўзгартирилган. 750 гектар майдонга эга бўлган Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтган Боғис аҳоли пунктининг ерлари Оқжар қишлоқ округига қўшиб олинган. 45,62 гектар майдонга эга Хиёбон қишлоғининг ерлари эса Куркелес қишлоқ округи чегараларига киритилган. Туркистон вилоят туризм бўлимининг маълум қилишича, илгари ушбу қишлоқлар аслида автоном бўлган, аҳоли эса ўзининг қайси давлатнинг фуқароси эканини ҳам билмаган.
«Тошкент билан келишувга биноан ушбу ерларни Қозоғистон ҳудудига ўтказишга қарор қилинди. Қишлоқ аҳолисининг бир қисмида қозоқ ҳужжатлари, бир қисмида ўзбек ҳужжатлари бор. Хиёбоннинг кўплаб аҳолиси Тошкентда ишлайди», дея қўшимча қилинган хабарда.
Аввалроқ Нур-Султонда ўзбек-қозоқ чегарасини демаркация қилиш масалалари муҳокама қилингани хабар берилган. Шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистон чегараолди минтақалари вакиллари Фарғонада учрашиши хабар қилинганди.