19:32 | 25.05.21 68

Сурхондарёда тўй кортежида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган «Lacetti» ҳайдовчисига чора кўрилди — видео

Шунингдек, йўловчи ҳаракат давомида люкдан бошини чиқариб, ҳолатни видеога олган

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида тўй кортежида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган «Lacetti» ҳайдовчисига чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram/ @sur22

Унга кўра, воқеа шаҳарнинг Саловат маҳалласи ҳудудидан ўтувчи йўлда содир этилган. Аниқланишича, давлат рақами 75 101 VAA бўлган «Lacetti» русумли автомашина ҳайдовчиси қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган. Шунингдек, у машинанинг том қисмидан йўловчисини чиқариб, ҳолатни видеога олиб, уни ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан автомобиль вақтинча жарима майдончасига қўйилиб, маъмурий баённома тузилган.

Аввалроқ Тошкентда қарама-қарши йўлда ҳаракатланган автоблогерга жарима ёзмаган йўл-патруль хизмати ходимига чора кўрилгани маълум қилинган. Шунингдек, Бухорода қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган ҳайдовчилар жаримага тортилгани хабар қилинган.