13:01 | 26.05.21 130

Қашқадарёда ҳомиладор аёллар шифокорлар томонидан сарсон қилинаётгани айтилган хабарга изоҳ берилди

Ҳолат вилоят ССБ томонидан ўрганилган

Қашқадарё вилояти шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази филиалида 9 май куни ҳомиладор аёллар шифокорлар томонидан сарсон қилинаётгани ҳақида хабар тарқалганди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур ҳолатга изоҳ берди.

Фото: «yandex.ru»

Маълум бўлишича, шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалининг биноларида қурилиш ишлари давом этмоқда. Шу билан бирга, қабул, лаборатория ва диагностика бўлимлари вақтинча бошқа қўшимча хоналарга кўчирилгани айтилган. Қабул бўлимида хоналар етишмагани сабаб беморлар учун ишлатиладиган гипс бўлимнинг ички даҳлизида вақтинча сақланмоқда.

Шунингдек, филиалда навбатчилик икки сменада ташкиллаштирилгани, 1 сменада 20 нафар навбатчи шифокор хизмат олиб бориши маълум қилинган.

Таъкидланишича, соат 15:20 атрофида қабул бўлимига 33 ёшли бемор И.Д. ҳомиладорлик даврида бачадон гипертонуси ташхиси билан келган ва гинеколог Г.Т. томонидан кўрилган. Беморга оғриқ қолдириш мақсадида тегишли муолажалар қилинган. Оғриқлар қолганидан кейин беморга яшаш жойида гинеколог назорати билан даволаниш тавсияси берилган.

Шу билан бирга, 10 май куни соат 19:50 атрофида қабул бўлимига бемор И.Д. қайта мурожаат қилгани айтилган. Аёл шифокор Р.Қ. томонидан кўрилган. Беморда УТТ хулосаси бўйича ҳомила тўлиқ тушгани учун гемотаметрия ташхиси билан муолажа қилинган. Бўлимда окситацин тугагани сабаб навбатчи гинеколог томонидан беморга мазкур дори воситаси ёзиб берилган ва унга яшаш жойида амбулатор даволаниш тавсияси берилган.

Бемор И.Д.ни даволашда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун гинекология бўлими врачи Г.Т. ҳамда қабул бўлими катта ҳамшираси Г.Х.га Меҳнат кодексининг тегишли моддасига кўра «ҳайфсан» берилган.

Аввалроқ ССВ бош акушер-гинекологи Навоийда ҳомиладор аёлнинг шифокорлар айби билан вафот этгани юзасидан изоҳ берган. Шунингдек, Қашқадарёда тез тиббий ёрдам бўлими шифокори беморни ҳақорат қилгани хабар қилинган.