Америкалик олим ўзга сайёраликлар билан шартнома тузишга чақирди
Гарвард университетининг америкалик астрофизиги Ави Леб инсониятни космосдаги тинчликни сақлаш учун ердан ташқаридаги цивилизациялар билан шартнома тузишга чақирди. Бу ҳақда «Scientific American» хабар берди.

Олимнинг фикрига кўра, улар заррачалар тезлатувчиси ёрдамида Ердаги ҳамма нарсани, шу жумладан галактикадаги нарсаларни йўқ қилишга қодир бўлган кучли қурилмаларни яратиши мумкин. Шу билан бирга, у бундай фалокатни башорат қилишнинг иложи йўқлигини, бироқ юлдузлараро шартнома ёрдамида Ерни ҳимоя қилишга уриниб кўриш мумкинлигини таъкидлаган.
Астрофизик 1963 йилда АҚШ, Россия ва Буюк Британия томонидан имзоланган Ядро синовларини тақиқлаш тўғрисидаги шартномага ўхшаш «Планк коллайдер шартномаси»ни тузишни таклиф қилган.
«Узоқ муддатда шартномани имзолаш зарурати Сомон йўли ва унинг энг яқин қўшниси Андромедадан ташқарига чиқмайди. Ҳатто шартнома имзоланмаган ёки унга риоя қилинмаган тақдирда ҳам коинотнинг тезлашган кенгайиши бизни охир-оқибат ҳалокат хавфидан халос қилади», — дейди тадқиқотчи.
Аввалроқ Ави Леб Ерга ўзга сайёраликлар кемаси ташриф буюрганини айтган. Олим ўзининг шов-шувли фаразини қўллаб-қувватлайдиган кўплаб далилларни келтирган китобни чиқарган ҳамда 2017 йилда Қуёш тизимидан ўтган биринчи сайёралараро жисм, Оумуамуа астероидини ўзга сайёраликлар элчиси деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ерга ҳар йили қанча космик чиқинди тушаётгани маълум бўлганди. Шунингдек, АҚШ орбитага ракеталар ҳужумидан огоҳлантирувчи сунъий йўлдошни чиқаргани хабар қилинган.