Сурхондарё вилояти Узун туманида 24 май куни «Lacetti» уриб юборган 1-синф ўқувчиси шифохонада вафот этди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, воқеа туманнинг Серҳаракат маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4-Р-101 автомобиль йўлининг 114-километрида содир бўлган. Аниқланишича, машина 24 ёшли йигит бошқарувида бўлган.

Ҳаракат давомида ҳайдовчи машинани юқори тезликда бошқаргани ҳамда бошқарувни йўқотиши оқибатида йўл четида турган 1-синф ўқувчисини уриб юборган. Шунингдек, йигит қиз дўсти билан учрашиш мақсадида кетаётгани айтилган.

Маълум бўлишича, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жабрланувчи шифохонада вафот этган.

Аввалроқ Жиззахда 2 та юк машинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани хабар қилинган. Шунингдек, Ангренда 8 та автомобиль тўқнашиши оқибатида 5 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган.