ВКонтакте ижтимоий тармоғи ва Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуровнинг фарзандлари биринчи марта Forbes’нинг энг бой меросхўрлар рейтингига кирди. Бу ҳақда нашр веб-сайтида хабар берилди.

Фото: «Bloomberg»

Қайд этилишича, 2021 йил 15 апрель ҳолатига кўра, миллиардернинг бойлиги 17,2 миллиард долларга баҳоланган, шу боис ҳар бир фарзанди ҳисобига тўғри келган мерос 8,6 миллиард долларни ташкил этган. Ўз навбатида, ушбу кўрсаткич сабаб болалар рейтингда 6-ўринни эгаллаган.

Биринчи ўрин эса «Лукойл»нинг энг йирик акциядори Вагит Алекперовнинг ягона ўғли Юсуф Алекперовга насиб этган.

Маълум қилинишича, Дуровнинг 2009 ва 2010 йилларда туғилган икки фарзанди — бир қизи ва бир ўғли бор бўлиб, у собиқ севгилиси, ҳозирда Барселонада яшовчи Дария Бондаренко билан бирга уларнинг борлигини яшириб келган. Аммо Forbes ўрганишлар давомида миллиардернинг ўғлининг исми Михаил эканини аниқлаган.

Қайд этилишича, Дуров собиқ севгилиси билан Санкт-Петербург давлат университетида танишган. Бу борадаги маълумотларни Дуровнинг синфдоши Максим Петренчук у ҳақида тайёрланган ҳужжатли фильмда маълум қилган.

Аввалроқ Telegram’да янги иш ўрни пайдо бўлгани маълум қилинган. Шунингдек, канал ва гуруҳларда савдо қилиш функцияси йўлга қўйилиши хабар берилганди.