Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти томонидан Убайдулла Каримов номидаги ёш шарқшунослар конференцияси ўтказилди. Бу йилги конференция «Ўзбекистонда ислом маданияти, тарихи ва санъатини ўрганишнинг янги истиқболлари» деб номланди. Бу ҳақда академия ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фанлар академияси ахборот хизмати

Мазкур конференция 2004 йилдан бери ўтказилади. 2019 йилдан эса у республика миқёсидаги тадбирдан халқаро даражага кўтарилган.

Тадбирнинг расмий қисмидан аввал иштирокчилар учун Институт қўлёзмалар фондидаги манбаларнинг нодир намуналари қўйилган кўргазма уюштирилган.

Фото: Фанлар академияси ахборот хизмати

Конференция иши Ислом тарихи, маданияти ва санъатини тадқиқ этиш маркази бош директори профессор, доктор Маҳмуд Эрол Қилич ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори Б.Абдуҳалимовнинг кириш сўзлари билан очилган.

Шундан сўнг конференция иштирокчиларига Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори профессор З.Исломов, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ҳамда Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Имом ал-Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари директорлари ўз табрик сўзлари билан мурожаат қилган.

Фото: Фанлар академияси ахборот хизмати

Конференциянинг ялпи мажлисида академик Убайдулла Каримов тадқиқотларининг Ўзбекистон шарқшунослигидаги ўрни, Мовароуннаҳрнинг ислом цивилизациясидаги ўрни ва аҳамияти, ХIХ аср охири-ХХ аср бошларидаги Ўрта Осиё ижтимоий ҳаётида мусулмон уламоларининг роли ҳамда Жанубий Иссиқкўлнинг ислом даври қайроқлари мавзуларига доир Ўзбекистон, Туркия ва Қирғизистон олимларининг маърузалари тингланган.

Фото: Фанлар академияси ахборот хизмати

Конференция ишида Фанлар академиясининг ижтимоий-гуманитар институтлари ва музейлари, соҳага ихтисослашган олий таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Россия Федерацияси, Туркия ва АҚШнинг университет ва илмий-тадқиқот марказлари олимлари онлайн тарзда иштирок этган.

Фото: Фанлар академияси ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Фанлар академиясида 20–21 май кунлари «Янги материаллар ва гелиотехнологиялар» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилганди.