Шимолий Корея ҳукумати Хитой билан чегарадош ҳудудларда мушук ва каптарлар коронавирус тарқатаётгани сабабли уларни ўлдиришни буюрди. Бу ҳақда «Daily NK» нашрига таяниб, «Газета.ru» хабар берди.

Фото: «Chirpforbirds»

Келтирилишича, мамлакат расмийлари мушук ва каптарлар вирусни Хитойдан олиб келаётганига ишонч билдириб, мушуклар кўпинча коронавирусни ташувчи каламушлар билан озиқланиши ва бу вирус тарқалишига сабаб бўлишини айтган.

Таъкидланишича, айрим фуқаролар ушбу қарорни маъқулламаган. Хусусан, Кҳесан шаҳридан бўлган оила уй мушугидан воз кечишдан бош тортгани учун 20 кун давомида изоляция хонасига жойлаштирилган. Оила ҳайвоннинг ўлими ҳақида хабар берган, бироқ бир неча кундан кейин уни КХДР (Корея Халқ Демократик Республикаси) ва Хитой чегарасидаги панжара олдида кўришган. Натижада мушук олиб кетилган, унинг эгалари эса карантинга олинган.

Расмий маълумотларга кўра, Шимолий Кореяда коронавирус инфекцияси аниқланмаган.

Аввалроқ Россия дунёда биринчи бўлиб ҳайвонлар учун COVID-19 вакцинасини рўйхатдан ўтказгани хабар берилган. Шунингдек, япониялик шифокорлар коронавируснинг янги штамми пайдо бўлишидан огоҳлантиргани маълум қилинганди.