19:35 | 31.05.21 74

Навоийда ЙПХ инспектори ва ҳайдовчи ўртасида тортишув содир бўлди — видео

Жанжалга машинанинг олд қисмига қўйилган парда сабаб бўлган

Навоий вилояти Қизилтепа туманида 24 май куни йўл-патруль хизмати инспектори ва ҳайдовчи ўртасида тортишув содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram/ @mobilmuxbir

Маълум қилинишича, 24 май куни Қизилтепа тумани Марказий деҳқон бозори чорраҳасида ЙПХ инспектори ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланиб келган «Lacetti» машинасини тўхтатиб, ҳужжатларини тақдим этишини сўраган. Ҳайдовчи С.И. ЙПХ инспекторига ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилмаслигини айтган. Ходим ҳайдовчидан транспорт воситасининг олд қисмига парда ўрнатгани учун камчиликни бартараф этишни сўраган. Ҳайдовчининг шахсига аниқлик киритишнинг имконияти бўлмагани учун ЙПХ инспекторида унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш имконияти бўлмаган.

Фуқаро С.И. ҳужжатларни тақдим этмагани сабабли далолатнома расмийлаштирилиб, автомашина вақтинча сақлаш майдонига қўйилган.

Аввалроқ Самарқандда ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасида тортишув содир бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентда ҳайдовчи ЙПХ ходимини қаттиқ жисм билан уриб, қўрқитмоқчи бўлгани маълум қилинган.