Қашқадарё вилояти Нишон туманида 14 ёшли бола каналга чўкиб кетиб вафот этгани хабар қилинганди. Мазкур ҳолат бўйича вилоят прокуратураси «Bugun.uz»га қўшимча маълумот берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги/ Иллюстратив

Аниқланишича, 27 май куни соат 13:30 атрофида Нишон тумани Самарқанд маҳалла фуқаролар йиғинида ота-онаси қарамоғида яшовчи вояга етмаган А.А. мазкур фуқаролар йиғини худудидан оқиб ўтувчи R-4 каналига чўмилиш мақсадида тушиб, эҳтиётсизлик оқибатида чўкиб кетиб, вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳодиса жойи туман прокуратураси терговчиси Ў.А. томонидан тезкор-тергов гуруҳи аъзолари ва холислар иштирокида кўздан кечирилиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Таъкидланишича, марҳумнинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинланганида марҳумнинг онаси А.Б. ва яқин қариндошлари бош тортгани сабаб далолатнома расмийлаштирилиб, экспертлар иштирокида ташқи томонидан кўздан кечирилган. Унинг танасининг ташқи томонида жароҳатлар аниқланмаган.

Маълум бўлишича, ҳолат юзасидан вояга етмаганлар ишлари бўйича Нишон туман идоралараро комиссияси, туман халқ таълими бўлими, ёшлар иттифоқи туман бўлими, ИИБ ҲПБ профилактика инспектори ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими масъул ходимларига нисбатан идоравий хизмат текширувлари тайинланган. Ҳозирда терговга қадар текшириш ҳаракатлари туман прокурори ёрдамчиси Д.Х. томонидан олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада 8 ёшли бола каналга чўкиб кетгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2021 йилда сувда чўкиш оқибатида қанча ўлим ҳолати кузатилгани айтилган.