АҚШнинг махфий қуроли. МРБ ташкил этилганига 79 йил тўлди

Бундан 79 йил муқаддам, 1942 йил 13 июнда АҚШ президенти Франклин Делано Рузвельт стратегик идоралар хизматини ташкил этиш ҳақида қарор чиқарди. Орадан беш йил ўтиб, 1947 йилда бу ташкилот Марказий разведка бошқармасига айланди. Шу тариқа кўплаб хавфли жиноятчиларни тутиш саҳналарига бой бўлган киноларда асосий ташкилот сифатида ҳаракат қиладиган, оммавий маданият туфайли фитна назарияси тарафдорларининг фикрича, барча махфий халқаро операцияларни ўтказишга масъул бўлган хавфсизлик хизмати ташкил топди. «Bugun.uz» даставвал маълумот йиғиш билан шуғулланадиган, кейинроқ эса нафақат АҚШда, балки дунё сиёсатига ҳам таъсир этишга қодир ташкилот тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

Янги ташкилотнинг дунёга келиши

МРБнинг ташкил қилиниши тарихи 1942 йилдан бошланади. Ўша кезларда АҚШ ҳукумати разведка фаолияти билан шуғулланадиган марказлашган ташкилот тузишга эҳтиёж сезади ва шу тариқа Стратегик хизматлар бошқармаси юзага келади.

Фото: «TDG»

Иккинчи жаҳон уруши авж палласига чиққан даврда АҚШ президенти Франклин Делано Рузвельт ахборот йиғиш ишлари бўйича марказлашган ягона ташкилот тузишга қарор қилади. Стратегик хизматлар бошқармаси эса айнан шундай ташкилот эди. Президент Рузвелт «Ёввойи Билл» тахаллусига эга уолл-стритлик юрист Уильям Донованга мазкур ташкилотга раҳбарлик қилиш вазифасини юклайди. Иккинчи жаҳон уруши тугаши билан 1945 йилнинг 20 сентябрида президент Гарри Трумен Стратегик хизматлар бошқармасини тарқатиб юборади ва унинг айрим ваколатларини Давлат департаментига, АҚШ Мудофаа вазирлигига олиб беради.

Уинстон Черчиллнинг Фултондаги нутқидан сўнг «Совуқ уруш» номи билан тарихда қолган давр бошланади. Вашингтонга эса разведка ва махфий операцияларни ўтказа оладиган кучли ва марказлашган ташкилотга зарурат туғилади. Шу сабабли 1946 йилда Марказий разведка гуруҳи тузилади. 1947 йилнинг 26 июлида АҚШ махсус хизматларининг тамал тоши бўлган «Миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун» қабул қилинади. Айнан шу қонунга кўра, АҚШда 1947 йилнинг 18 сентябридан бошлаб Миллий хавфсизлик кенгаши ва Марказий разведка бошқармаси ташкил топади. МРБга бунда жосуслик билан, айғоқчилик билан шуғулланиш, миллий хавфсизлик ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишдек муҳим вазифалар юкланади.

Вақт ўтган сари МРБ ҳарбий амалиётларда яширин дипломатия, хорижий мамлакатларнинг нодавлат нотижорат ташкилотларига бевосита таъсир ўтказа оладиган институтга айланади.

МРБ атрофидаги улкан машмашалар

Хитойдаги «Qihoo 360» компанияси АҚШнинг МРБ ташкилотини Хитойда йўлга қўйган кибер айғоқчиликда айблаб чиқади. Айбловга кўра, АҚШ МРБ ташкилоти Хитойда ҳам ҳукумат, ҳам саноат идораларида муҳим маълумотларни қўлга киритишга ҳаракат қилган. 2020 йил 4 мартда эълон қилинган ҳисоботга кўра МРБ ташкилоти асосан ўз фаолиятини Хитойнинг Пекин, Гуандун ва Чжезян шаҳрларида йўлга қўйишга муваффақ бўлган. Мазкур айбловлар МРБ ходими Жошуа Адам Шултенинг «WikiLeaks»га етказган маълумотлари асносида таҳлил қилинади ва маълум қилинади. МРБ компьютер, смартфонлардаги ва ақлли телевизорлардаги дастурий таъминот ёрдамида махфий маълумотларни қўлга киритишга уринади. Қизиқ жиҳати, МРБнинг кибер ҳужумлари АҚШ миллий хавфсизлик ташкилоти бош-қош бўлган WISTFOOLTOOL плагини ёрдамида юборилган спам хабарлар ёрдамида амалга оширилган.

2020 йилнинг 20 февралида МРБ ва АҚШнинг Германиядаги бўлими ФҚБ яна бир навбатдаги можарога аралашиб қолади. Масала шундаки, МРБ ва ФҚБ 50 йилдан ошиқроқ вақт давомида Швейцарияга тегишли CRYPTO AG ускуналари ёрдамида 120 дан ортиқ давлатнинг махфий сўзлашувларини текширгани матбуотга ошкор бўлиб қолади.

Фото: «Sputnik»

Маълумотларга кўра, CRYPTO AG Швейцария компанияси Иккинчи жаҳон урушидан бери АҚШ махфий хизматларига душман тарафнинг махфий маълумотларини очиқлашга имкон берадиган қурилмалар ишлаб чиқаришга ёрдам бериб келган ва дунёдаги энг замонавий махфий кодларни очиқлашга ёрдам берадиган электрон тизимни яратган. Хизмат сифатининг юқорилиги боис Эрон, Лотин Америкаси мамлакатлари, Ҳиндистон, Покистон, Ватикан, Ливия каби давлатлар CRYPTO AG компанияси маҳсулотларини харид қилади. «The Washington Post» нашри маълумотларига кўра, АҚШ махфий хизмати ва Германия махфий хизмати ташкилоти БНД 1958 йилдан бошлаб CRYPTO AG компанияси фаолиятини Лихтенштейндаги Минерва компанияси ёрдамида назоратда ушлаб келади ва бошқа давлатларнинг махфий хизматларида сақланаётган маълумотларга кириш имконига эга бўлади. Кейинроқ АҚШ МРБси CRYPTO AG қурилмалари ёрдамида амалга ошириладиган операцияни Рубикон операсияси дея номлайди. АҚШ президенти Рональд Рейган 1986 йилда Берлиндаги «La Bel» дискотекасида ливиялик қўпорувчилар томонидан амалга оширилган хуруж ҳақида барча маълумотларга эга эканини таъкидлагач, CRYPTO AG компанияси қурилмасининг ишончлилиги борасида турли шубҳалар юзага қалқиб чиқа бошлайди. Шунингдек, CRYPTO AG қурилмаси америкаликларга Чилида президент Сальвадор Аленденинг ҳокимиятдан тўнтарилиши билан боғлиқ махфий маълумотларни ҳам қўлга киритишга имкон беради. Ҳаттоки 1982 йилда Фолкленд ороллари борасидаги низода АҚШ ҳарбий разведка хизмати қўлга киритган маълумотлар Буюк Британиянинг Аргентина устидан ғалаба қозонишига ҳам ёрдам беради.

Миллат ва Конституцияга қарши чиққан МРБ

МРБ фаолиятида америкаликлардан унумли фойдаланиш мазкур ташкилотнинг қўпорувчилик фаолиятларидан биридир. Қонунчиликда эса бундай хатти-ҳаракат тақиқланади. Аммо МРБ айғоқчилик хизмати вакиллари америкаликларни ҳам айғоқчилик қилишга даъват этиши аниқланган ҳолатлар мавжуд. Бундай амалиётлар, айниқса, ХХ асрнинг 60-йилларида «Хаос» номи билан машҳур эди. Мазкур операция орасида МРБ америкаликларнинг урушга қарши фаолиятини ўрганарди.

Ҳаттоки МРБ алоҳида ишки ишлар билан шуғулланувчи қўмита ҳам ташкил қилади. Мазкур операциянинг муваффақиятли кечишига ишонган президент Линдон Жонсон 1965 йилда америкаликларни ҳам айғоқчилик хизматига ёллаш бўйича буйруқ беради. Шу тариқа МРБ расмий равишда АҚШдан Совет Иттифоқига ёки Хитойга ва у ёқдан АҚШга юборилаётган жўнатмаларни кўздан кечиришга, мамлакат ичкарисидаги норозилик намойишлари ичига кириш ва вазиятни ўрганиш, таҳлил қилиш, университетлар маъмуриятидаги ҳукуматга мухолифатда бўлган гуруҳ ва тўдаларни аниқлаш каби вазифаларга эга бўлади. Бу эса МРБ ўз ишининг Америка миллатига қарши қаратилган сиёсати эди.

Ҳокимият тепасига Ричард Никсон келгач МРБ саёҳат қилаётган америкаликлар устидан тўла назорат ўрнатиш имконига эга бўлди. МРБнинг хориж мамлакатларидаги айғоқчилари «Ленгли»га ҳар бир америкалик қаерда тунаяпти, ким билан мулоқотда экани ҳақида маълумотларни етказиб бериш билан шуғулланди. Бироқ «Уотергейт» жанжали сабаб МРБ мазкур фаолиятга чек қўйишга тўғри келди.

Бироқ «Ленгли»нинг ваколатлари мустаҳкамланиши 1981 йил 4 декабрда президент Ричард Никсоннинг №12333 сонли фармони билан яна кучайди. Мазкур фармонга биноан, МРБ ваколатлари анча кенгайди ва АҚШ федерал ҳукумати МРБ истаган пайтда маълум бир ахборотни талаб қилган тақдирда дарҳол беришини назарда тутарди. Ҳуқуқшунослар назарида айнан шу фармон МРБга ҳам хорижда, ҳам АҚШ ичкарисида кенг кўламли айғоқчилик ишларини бошлаб юборишига туртки берди.

Фото: «RTL»
Жулиан Ассанж

Кейинчалик мазкур ваколат доирасида амалга оширилган махфий ҳаракатлар WikiLeaks ва Эдвард Сноуден иши доирасида жамоатчиликка ошкор бўлиб қолди. «WikiLeaks» гуруҳи раҳбари Жулиан Ассанж 2013 йилда МРБнинг махфий хизматларига доир 400 гигабайтга яқинроқ бўлган файлларни ўзининг Facebook’даги саҳифасида эълон қилди ва агар фойдаланувчилар шифрланган маълумотларни ўқишга қийналса, уларга код ҳам берилишини маълум қилди.

Мазкур эълон қилинган махфий файллар натижасида АҚШ жаҳон ҳамжамияти олдида ўзининг «юзини» йўқотди ва бир қатор дипломатик низолар қуршовида қолди. Хусусан, МРБ ўзининг НАТОдаги иттифоқчиси Германия амалдорлари устидан кузатиш олиб боргани ва уларнинг махфий суҳбатларини тинглагани улкан сиёсий можарони келтириб чиқарди. Германия фуқаролари АҚШ элчихонаси ташқарисида «АҚШ, Германияни тинч қўй», «МРБ, немисларни кузатишдан тўхта» шиорлари остида норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Ўтмишга назар солсак, МРБ ҳам мамлакат ичкарисида, ҳам мамлакат ташқарисида муваффақиятли ҳамда муваффақиятсиз якунланган бир қатор махфий амалиётларни амалга оширган. Кубага АҚШнинг бостириб кириши, Совуқ уруш пайтида «Lockheed U-2» айғоқчи учоғининг Совет Иттифоқининг Свердловск ҳудудида уриб туширилиши ва америкалик учувчи Френсис Гери Пауэрснинг 1960 йилда қамоққа олиниши (Совет Иттифоқи Гери Пауэрсни 10 йил  муддатга жосуслик қилганликда айблайди ва ХVIII асрда ташкил қилинган хавфли жиноятчилар жазо ўтайдиган Владимир шаҳридаги №1 СИЗОга жойлаштиради), Франция президенти Де Голлга суиқасд, Гватемаладаги давлат тўнтариши, Лаос, Эрон, Конго каби мамлакатлардаги қонли можароларда «Ленгли» қўли борлиги таъкидланади.

Бугунги МРБ

Ҳозирда АҚШнинг айғоқчилик хизмати билан шуғулланадиган МРБ ташкилоти ислоҳ қилинди ва ислоҳ қилинишда давом этмоқда. Ҳозирда МРБнинг ваколатлари доираси қуйидагилардан иборат:

  • МРБ раҳбарияти бугунда полиция, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, судга чақириш, ички хавфсизликни таъминлаш каби ваколатларга эга эмас. Ташкилот, асосан, АҚШга ташқи тарафдан келадиган хавфларни таҳлил қилиш билан шуғулланади;
  • эҳтимолий ташқи хавфларнинг кўламини аниқлайди ва чин хавф туғилганда тегишли даражадаги хавфсизликка жавобгар ташкилотларни мазкур хавфдан хабардор қилади;
  • АҚШдаги турли ташкилотлар билан ҳамкорликда АҚШ хавфсизлигига доир маълумотларни умумлаштиради ва таҳлил қилади;
  • миллий хавфсизлликка доир бошқа айғоқчилик хизматларини амалга оширади;
  • энг сўнгги технологияларни АҚШ хавфсизлиги учун ишлатишда ташаббус кўрсатади.

Изоҳ: МРБни одатда бадиий адабиётларда «Ленгли» атамаси билан номлашади. «Ленгли» бу Виржиния штати Ферфакс округидаги Маклин аҳоли пунктида жойлашган, аҳоли истиқомат ҳудудига киритилмаган ҳудудда бош қароргоҳи жойлашган МРБнинг синоним шаклидир.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади

«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Янгиликлар21:24 | 28.1.23
«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
Янгиликлар20:51 | 28.1.23
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Янгиликлар20:17 | 28.1.23
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Янгиликлар19:44 | 28.1.23
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди
Янгиликлар18:50 | 28.1.23
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди
Самарқандда светофорнинг қизил чироғига ўтган автобус пиёдалар ҳаётига жиддий хавф солди — видео
Янгиликлар17:22 | 28.1.23
Самарқандда светофорнинг қизил чироғига ўтган автобус пиёдалар ҳаётига жиддий хавф солди — видео