Ўзбекистонда истеъмол бозоридаги нархлар май ойида 0,5 фоиз кўтарилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Хабарга кўра, 2021 йилнинг май ойида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,5 фоизга қимматлашган. Шу билан бирга, 2021 йил бошидан нархларнинг ўсиш даражаси 4,6 фоизни, ўртача ойлик ўсиш даражаси 0,9 фоизни ташкил этгани айтилган. Йиллик нисбатда ўсиш даражаси 10,9 фоизга етган.

Маълум қилинишича, май ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 14,4 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 8,2 фоизга, хизматлар 8,5 фоизга қимматлашган.

Шунингдек, май ойида нархлар ошиши бўйича мевалар ва ёнғоқлар сезиларли фарқ билан етакчилик қилиб, ой давомида маҳсулотлар 8,9 фоизга қимматлашгани маълум қилинган. Бундан ташқари, бир фоизлик ўсиш чегарасига шакар, қандолатчилик маҳсулотлари ва десертлар (1,3 фоиз) ҳамда балиқ ва бошқа денгиз маҳсулотлари (1,1 фоиз) етган. Нархларнинг пасайиши сабзавотлар, илдизмевалилар, плантайнлар ва дуккаклилар (-7,3 фоиз) ҳамда ёғ-мой маҳсулотларида (-0,6 фоиз) қайд этилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда пахта ёғи, цемент ва шакар нархи пасайгани маълум қилинган. Шунингдек, Ўзбекистонда бензин нархи ошганига изоҳ берилганди.