11:32 | 01.06.21 65

Жиззахда ЙПХ ходими ва «Жигули» ҳайдовчиси ўртасида тортишув содир бўлди — видео

Тортишув оқибатида ҳайдовчи машина ойналарини синдириб ташлаган

Жиззах вилоятида ЙПХ ходими ва «Жигули» ҳайдовчиси ўртасида тортишув содир бўлди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати муносабат билдирди.

Кадр: Telegram/ @mobilmuxbiruz

Маълум қилинишича, 23 май куни соат 17:58 ларда йўл-патруль хизмати инспектори сафдор А.Х. Тошкент–Термиз йўналишида ҳаракатланиб келаётган Р.Д. бошқарувидаги «ВАЗ-2106» машинасини тўхтатган. Инспектор ҳайдовчининг меъёрий ҳужжатларини тақдим этишини сўраган ва транспорт воситасининг олд ойнасининг туси ўзгартирилганлигини ҳайдовчига тушунтирган.

Ҳайдовчи ЙПХ инспекторига эътироз билдириб, ҳужжатларини тақдим этмаган ва ўзига тегишли бўлган ушбу транспорт воситасининг олд ойналарини қўли билан уриб синдирган.

Ҳолат юзасидан ЙПХ инспектори сафдор А.Х. томонидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик)га асосан маъмурий баённома расмийлаштирган ва транспорт воситасини эвакуатор ёрдамида жарима майдонига жойлаштирилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланиб суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Навоийда ЙПХ инспектори ва ҳайдовчи ўртасида тортишув содир бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Самарқандда ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасида тортишув содир бўлган.