13:54 | 02.06.21 73

Бухоро шаҳар ҳокимлиги олдида ўқувчилар ўртасидаги оммавий жанжал юзасидан расмий изоҳ берилди

Муштлашувда ўқувчилардан бири дўппосланган

Бухоро шаҳрида ҳокимлик биноси қаршисида 11-синф битирувчилари ўзаро гуруҳ бўлиб, оммавий муштлашди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram/ @bviib

Маълум қилинишича, ҳолат 26 май, чоршанба куни соат 14:00 атрофида улар дала ўқув машғулотларидан автобусда қайтаётган пайтда содир бўлган. Муштлашувда 2-сонли мактабнинг 11-«А» ва 11-«Г» синф ўқувчилари жанжаллашиб қолган. Аниқланишича, аввалдан уларнинг орасида зиддият бўлган. Унда 11-«А» ўқувчиси вояга етмаган шахснинг юзи, қорин ва бел соҳаларига қасддан уриб, дўппослаган. Суд тиббий экспетризасига кўра, жароҳатлар енгил даражада деб топилган. Бир соат давом этган жанжал давомида ўқувчиларни кўпчилик ажратишга уринган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.

Аввалроқ Бухоро шаҳар ҳокимлиги олдида ўқувчилар ўртасида оммавий жанжал юзага келгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда маст эркак шериклари билан ресторанда қўшиқчини дўппослагани ҳамда Наманганда оммавий муштлашувда бир киши вафот этгани маълум қилинган.