Янгиликлар - 13:04 · 02.06.2021

Хоразмда 2 ўқитувчи бир-бирини пичоқлагани бўйича қўшимча маълумотлар очиқланди

Хоразм вилояти Янгибозор туманида 31 май куни мактабда 2 ўқитувчи бир-бирини пичоқлагани ҳақида хабар тарқалган эди. Бош прокуратура ахборот хизмати ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га қўшимча маълумот берди.

Фото: « Bugun.uz»

Хабарга кўра, ҳолат бўйича гумон қилинувчи Ж.С. 1968 йил 6 август куни Урганч туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий, муқаддам судланмаган, 3 нафар фарзанди бор. У Янгибозор туманидаги 22-сонли умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси, Янгибозор тумани, Хонқаобод маҳалласида яшайди.

Маълум қилинишича, жабрланувчи фуқаро К.С. 1967 йил 15 декабрда Урганч туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий, муқаддам судланмаган, 3 нафар фарзанди бор, Янгибозор туманидаги 22-сонли умумтаълим мактаби она-тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

Мазкур жиноят иши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар юзасидан туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Аввалроқ Бухорода мактаб ўқитувчиси маҳалладошини пичоқлагани хабар қилинганди. Шунингдек, Наманганда 24 ёшли йигит дўконда сотувчини пичоқлагани маълум қилинган.

Bugun — LIVE