Ўзбекистондан Қозоғистоннинг 2 шаҳрига мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилади
Рейслар ҳафтасига 2 марта амалга оширилади
Ўзбекистондан Қозоғистоннинг Олмаота ва Туркистон шаҳарларига мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон авиация маъмуриятларининг май ойидаги келишувига мувофиқ икки давлат ўртасида янги мунтазам авиақатновлар ташкил этилган.
Жумладан, Самарқанд–Олмаота ва Туркистон–Тошкент мунтазам авиақатновлари йўлга қўйилади. Шунингдек, Самарқанд–Олмаота–Самарқанд йўналишида «Uzbekistan Airways» ва «Air Astana» авиакомпанияларининг ҳар бири томонидан ҳафтасига 2 маротабадан қатнов амалга оширилади.
Таъкидланишича, Туркистон–Тошкент–Туркистон йўналишида «Air Astana» компанияси таркибига кирувчи «Fly Arystan» авиакомпанияси томонидан ҳафтасига 2 маротаба қатнов бажарилади.
Маълум бўлишича, икки давлат ўртасида мунтазам авиақатновлар тиклангандан буён санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя қилган ҳолда «Uzbekistan Airways» ва «Air Astana» авиакомпанияларининг ҳар бири томонидан Тошкент–Олмаота йўналишида ҳафтасига 7 мартадан, Тошкент–Нур-Султон йўналишида ҳафтасига 3 мартадан мунтазам йўловчи қатновлари бажарилмоқда.
Шунингдек, «Uzbekistan Airways» ва «SCAT Airlines» авиакомпанияларининг ҳар бири томонидан Урганч–Оқтов–Урганч (ҳафтасига 2 марта) йўналишида ҳамда «SCAT Airlines» авиакомпанияси томонидан Оқтов–Нукус–Оқтов (ҳафтасига 1 марта) йўналишида мунтазам рейслар амалга оширилаётгани айтилган.
Аввалроқ Истанбулдан Урганч ва Фарғонага мунтазам авиақатновлар амалга оширилиши хабар қилинган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 3 шаҳридан Қоҳирага авиақатновлар йўлга қўйилиши маълум қилинган.