16:07 | 03.06.21 69

АҚШ ҳарбийлари 2020 йилда дунё бўйлаб тинч аҳолини ўлдирганини тан олди

Пентагон ушбу ўлим кўпроқ қайси давлатга тегишли эканини айтди

АҚШ ҳарбийлари дунё бўйлаб 2020 йилда тинч аҳолини махсус операция жараёнида тасодифан ўлдирганини тан олди. Бу ҳақда «Al-Jazeera» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, АҚШ уруш зоналарида 23 кишининг ўлими учун жавобгарликни тан олган. Қурбонлар сони ўтган йилларга қараганда юқори экани айтилган. Хусусан, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида яна 10 киши жиддий жароҳат олган.

Таъкидланишича, Афғонистонда ҳалок бўлган тинч аҳолининг ўлим кўрсаткичи бошқа давлатларга нисбатан юқори бўлган. Ҳарбийлар, шунингдек, Ироқ, Сомали, Яман ва Нигериядаги операциялар пайтида тинч аҳолининг талафотлари ҳақида хабар берган.

«AirWars» нодавлат ташкилоти эса 2020 йилги ҳарбий ҳаракатлар пайтида Америка армияси юздан ортиқ одамни ўлдирганини хабар қилган. Бу Пентагоннинг расмий маълумотларидан беш баравар юқори ҳисобланади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот вакиллари ҳам Вашингтон ҳисоботидаги маълумотни «етарли эмас» деб атаган.

Аввалроқ АҚШ «Ал-Қоида» раҳбари ҳақидаги маълумот учун 7 миллион доллар ваъда қилгани маълум қилинганди. Шунингдек, АҚШ 2022 йилда мудофаа ишларига қанча миқдорда маблағ ажратиши хабар берилган.