Жиззахда қарзини қайтармаслик учун эркакни ўлдириб, йўл четига кўмиб кетган йигит суд қилинди
Жиззах вилоятида қарзини қайтармаслик учун эркакни ўлдириб, йўл четига кўмиб кетган йигит суд қилинди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.
Фото: «Bugunuz»
Маълум қилинишича, Ш.М.нинг синглиси жияни Э.га акаси қўнғироқларга жавоб бермаётгани, уйига бориб хабар олишини айтган. Э. Ш.М.нинг уйига борган пайт эшикни ҳеч ким очмаган. Сўнг Э. ҳудуд профилактика инспектори ва қариндошларига Ш.М.нинг йўқолиб қолгани ҳақида хабар берган.
Ш.Э. Жиззахнинг Эски шаҳар буюм бозоридан келин либослари ижараси билан шуғулланувчи дўкон очиш учун Ш.М.дан устамаси билан қарз олган. Ш.Э. «Мен Ш. акадан 3 миллион сўм 20 фоиздан пул қарзга олдим», деган мазмунда тилхат ёзиб берган. Орадан икки ой ўтгач, Ш.Э. Ш.М.дан яна 3 миллион сўм қарз олади. Бу гал у «Мен Ш. акадан фоизга 6 миллион сўм олдим», дея тилхат ёзган.
Шунда ҳам Ш.Э.нинг иши юришмаган ва у Ш.М.дан 16 миллион 500 минг сўм қарздор бўлган.
Ш.Э. қарзини тўлолмагандан сўнг Ш.М.ни таъқиб қилиб, тош билан бошининг орқа томони ва энса соҳасига зарб билан урган. Ш.М. йўл четидаги бетон ариққа йиқилган. Ш.Э. қўлидаги тошни отиб юбориб, Ш.М.ни бетон ариқдан чиқарган. Унинг чап қовурға ва умуртқа соҳасига бир неча марта тепган. Сўнг йўл ёқасидаги чуқурга бошини пастга қаратиб, ташлаб юборган. Ш.М. воқеа жойида ҳалок бўлган.
Қидирув давомидан воқеа жойидан Ш.М.нинг қон доғи теккан тош ва унга ёпишиб қолган соч толалари топилган. Воқеа жойида қурувчилар ўраларни техника билан текислаб, йўлга асфальт ётқизган. Оқибатда Ш.М.нинг жасади кўмилиб кетган.
Ш. Э.нинг кўрсатмасига мувофиқ йўл чети қайта кавланганида у ердан Ш.М.нинг жасади чиққан.
Судда Ш. Э.нинг айби тўлиқ исботланган. Суд уни Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «и» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топган. Унга нисбатан 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Аввалроқ Тошкентда 5 ёшли ўғлини уриб ўлдирган спорт мураббийига суд ҳукми ўқилгани хабар қилинган. Шунингдек, Самарқандда хотинини кетмон билан уриб ўлдирган ичкуёвга суд ҳукми ўқилгани маълум қилинган.