Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиларини тайинлаш тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «navoiytoday.uz»

Маълум қилинишича, жамоат тарбиячиларининг асосий вазифаси назоратсиз ва қаровсиз қолган ҳамда ҳуқуқбузарлик ёки ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вояга етмаган шахслар билан якка тартибда ишлаш, шунингдек, ота-онасига ёки ўрнини босувчи шахсларга вояга етмаган шахсларни тарбиялашда ёрдам кўрсатишдан иборат.

Вояга етмаган шахсларнинг жамоат тарбиячиси:

  • 30 ёшга тўлган;
  • вояга етмаганлар билан камида икки йил ишлаш тажрибасига эга;
  • ҳаётий тажрибаси ва ахлоқий фазилатлари билан вояга етмаганларга ижобий таъсир эта оладиган Ўзбекистон фуқароси бўлиши керак.

Шунингдек, вояга етмаган қизларга аёл жинсига мансуб жамоат тарбиячилари тайинланиши маълум қилинган. Жамоат тарбиячисини танлаш ва тайинлаш ҳақидаги қарор вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) идоралараро комиссияси томонидан қабул қилинади.

Таъкидланишича, қуйидаги вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячилари тайинланиши мумкин:

  • суд томонидан мажбурлов чоралари қўлланилган ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган;
  • озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинган;
  • ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтган ёки тарбия колонияларида жазони ўтаган;
  • назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганлар;
  • болани тарбиялашда ёрдамга муҳтож оилаларнинг вояга етмаган фарзандлари.

Юклатилган вазифаларда ижобий натижаларга эришган жамоат тарбиячилари базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача (1 миллион 225 минг сўмгача) миқдорида битта вояга етмаган шахс учун бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши мумкин.

Шу билан бирга, вояга етмаган шахсга жамоат тарбиячиси 3 ойгача муддатга тайинланиши айтилган. Ушбу муддат комиссия томонидан жамоат тарбиячисининг ҳисоботини эшитиш натижаларига кўра, бир маротаба кўпи билан уч ойгача узайтирилиши мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистонда вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлар жиноий жавобгарликка тортилиши хабар қилинган. Шунингдек, Сенат ва халқаро ташкилотлар иштирокида вояга етмаганларнинг репродуктив саломатлигига оид суҳбат ўтказилгани маълум қилинган.