Янгиликлар - 12:05 · 05.06.2021

Трамп АҚШдаги учинчи муҳим лавозимни эгалламоқчи

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп 2022 йилда АҚШ Вакиллар палатаси спикери лавозимига рақобат қилишни «қизиқарли ғоя» деб атади. Бу ҳақда «Newsweek» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, Трампга ушбу ғоя унинг собиқ ёрдамчиси Стив Беннон томонидан тақдим этилган. Собиқ президентнинг радио кўрсатувдаги иштирокида бошловчи унинг бу лавозимга оид фикрини сўраган.

«Сиз Вакиллар палатасининг спикери бўлишингиз, импичмент жараёнига раҳбарлик қилишингиз, АҚШнинг амалдаги президенти, демократ Жо Байден ва унга қарши жиноий иш қўзғатишингиз мумкин», — дея мурожаат қилган бошловчи.

Трамп бу ажойиб таклиф экани, унинг баъзи тарафдорлари уни Конгресс Сенатида кўришни хоҳлашларини таъкидлаган. «Аммо сизнинг фикрингиз яхшироқ бўлиши мумкин», — дея хулоса қилган АҚШнинг 45-президенти.

Маълумот ўрнида, Вакиллар палатаси спикери АҚШда президент ва вице-президентдан кейин энг муҳим лавозим ҳисобланади. Трамп ўз лавозимига киришиш учун нафақат номзодини кўрсатган сайлов округидаги сайловларда ғалаба қозониши, балки конгрессменларнинг кўпчилиги уни қўллаб-қувватлаши керак.

Элатиб ўтамиз, Дональд Трамп апрель ойида 2024 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида қатнашишни «жиддий» кўриб чиқаётганини айтганди. Март ойида у мамлакатда 2022 йилда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлардан сўнг Америка маъмурияти раҳбари лавозимига қайта ариза бериш имконияти тўғрисида якуний қарор қабул қилмоқчи эканини таъкидлаган.

Аввалроқ Трамп тарафдорларининг Капитолийга қилган ҳужуми оқибатида қанча зарар кўрилгани маълум бўлганди. Шунингдек, Трампнинг президентлик нафақаси ҳақида маълумот берилганди.