Қашқадарёда самолёт двигателлари ишламай қолиши оқибатида йўловчилар бир неча соат иссиқда қолиб кетди — видео
Транспорт вазирлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан Bugun.uz’га муносабат билдирди
Қаршида йўловчилари бўлган Россия самолётида двигателлар ишламай қолди. Оқибатда Москва–Қарши–Москва йўналиши бўйича парвоз вақти кечикди. Ҳолат юзасидан Транспорт вазирлиги ахборот хизмати «Bugun.uz»гa изоҳ берди.

Маълум қилинишича, парвоз Россиянинг «Royal Flight» авиакомпанияси томонидан амалга оширилган. Йўловчилар бортга чиқарилгандан сўнг самолёт двигателлари ишламай қолган. Бунга об-ҳаво шароити, яъни ҳаво ҳароратининг 44 даражадан юқори бўлиши сабаб бўлган.
Вазирлик матбуот котибининг таъкидлашича, двигателлардаги носозлик сабабли кондиционер ҳам ишламаган, бунинг оқибатида йўловчилар иссиқда қолиб кетган.
Шу боис парвозни тунги вақтда амалга ошириш қарори қабул қилинган ва йўловчилар бортни тарк этган. Ҳолат оқибатида йўловчиларнинг соғлиғи ёмонлашмаган. Самолёт 6 июнь куни соат 04:54 да Москвага учган (аслида, жўнаш 5 июнь куни соат 15:30 га режалаштирилган бўлган).
Аввалроқ «Uzbekistan Airways» Японияга парвозларни вақтинча тўхтатгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистондан икки шаҳарга амалга ошириладиган авиарейслар вақтинча бекор қилиниши маълум қилинган.