Янгиликлар - 11:49 · 07.06.2021

Туркманистон президенти ўғлига ўз отини совға қилди — видео

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов бош вазир ўринбосари, ўғли Сердар Бердимуҳамедовга «Ханкервен» лақабли ахалтака зотли отини совға қилди. Бу ҳақда «Turkmen Portal» хабар берди.

Фото: «metbugat.gov»

Келтирилишича, давлат раҳбари ушбу совғани Aхалтака от спорти мажмуасига ташрифи чоғида ҳадя қилган. Туркманистон раҳбарига ушбу от апрель ойининг сўнгги якшанбасида нишонланадиган Aхалтака от куни ва Туркман алабай кунини нишонлаш пайтида мамлакатнинг от боқувчилари томонидан совға қилинган.

Таъкидланишича, Гурбангули Бердимуҳамедов ўғли Aхалтака от боқиш халқаро ассоциацияси ва Туркман алабай халқаро ассоциацияси раҳбари сифатида ушбу отнинг эгасига айланиши ҳар томонлама тўғри эканини айтган.

Аввалроқ Гурбангули Бердимуҳамедов «Туркманистон от устаси мураббийи» унвонига сазовор бўлганди. Шунингдек, Туркманистонда «Халқ итбоқари» фахрий унвони таъсис этилганди.