Тошкент шаҳридаги «Hilton» меҳмонхонасида 8 июнь, сешанба куни «Ўзбекистонда таълим, кўникмалар ҳамда иқтисодий истиқболлар» мавзусида форум ташкил қилинди. Форумни очиб берган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистон ўқувчиларнинг таълимдаги ютуқларини баҳолаш бўйича етакчи 30 мамлакат қаторига киришини режалагани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Шерзод Шерматовга кўра, Ўзбекистон ҳукумати таълим соҳасини ва ёшларнинг замонавий касбий-техник маҳоратини ривожлантиришга инвестиция қилишнинг катта аҳамиятини тушунади. Шу сабабли, 2016 йилдан бошлаб ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари ўқувчиларга меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган билим ва кўникмаларни берадиган таълим соҳасини модернизация қилишга йўналтирилган

«Ўзбекистон ҳукумати таълим соҳасини ва ёшларнинг замонавий касбий-техник маҳоратини ривожлантиришга инвестиция қилишнинг катта аҳамиятини тушунади. 2016 йилдан бошлаб ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари ўқувчиларга меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган билим ва кўникмаларни берадиган таълим соҳасини модернизация қилишга йўналтирилган. Ушбу ёндашув инновацион ва жадал ривожланаётган бозор иқтисодиётига хосдир. Ўзбекистон таълим соҳасида ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Хусусан, Халқ таълими тизимини ривожлантириш концепциясида 2030 йилгача мамлакат PISA (the Program for International Student Assessment) рейтингида - Ўқувчиларнинг таълимдаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастур – дунёнинг етакчи 30 мамлакатлари қаторига кириши кўзда тутилган», - деди Ўзбекистон халқ таълим вазири Шерзод Шерматов.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Жаҳон банки томонидан Ўзбекистондаги инсон капитали ривожланиши ва иқтисодий ўсишга таълим соҳасининг таъсирини баҳолаш, шунингдек ҳукуматга ушбу соҳадаги кейинги чора-тадбирларни ишлаб чиқишда кўмаклашиш мақсадида ўтказилган таҳлилий тадқиқотлар доирасида ташкил этилган ушбу форум якунида маҳаллий ва халқаро экспертлар, таълим ва меҳнатнинг турли даражалари ўртасида мувофиқлаштирилган ўқув дастурларига давлат маблағларини шошилинч равишда жалб қилиш инсон капитали даражасини ва аҳолининг касбий маҳоратини ошириши мумкин деган фикрга келишди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Шунингдек, ушбу чора-тадбирлар иқтисодий ўсишга, Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига янада интеграциялашувига, шунингдек, меҳнат бозори талабларига яхши тайёрланган фуқароларнинг даромадлари ўсиши туфайли турмуш даражасини яхшилашга асос яратишини қайд этишди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ халқ таълими вазири АҚШдан келган ўқитувчилар олиб борадиган ишлар ҳақида маълумот берганди. Шунингдек, Шерзод Шерматов хориждан келган ўқитувчиларнинг харажатлари қайси маблағлар ҳисобига қопланишини маълум қилгани ҳам хабар қилинган.