«Уйи ‘снос’га тушганларга ер эмас, пул берилади» — Адлия вазири
Ўзбекистонда уйи «снос»га тушган фуқаролар, ҳарбийлар ва бошқа имтиёзли, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ер эмас, пул берилади. Бу ҳақда АОКАда 9 июнь, чоршанба куни ўтказилган матбуот анжуманида Адлия вазири Руслан Давлетов айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Маълум бўлишича, 2 йилда прокурорлар томонидан 7500 дан ортиқ ерга оид қарорларни бекор қилишга оид протест киритилган. Маъмурий судлар томонидан ерга оид туман ҳокимларининг 2500 дан ортиқ қарори бекор қилинган. Ерга оид қонунчилик бўйича 588 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Ушбу фактлар ҳам ер соҳасида қонунсизлик ва бошбошдоқлик авж олганини кўрсатяпти. Шу сабабли ушбу Президент фармони қабул қилинди. Жавобгарлик кучайтирмоқда: ер сотганлик учун жавобгарлик белгиланди. Туман, шаҳар ҳокими ер ажратади, унинг маълумоти вилоят ҳокимлигига етиб боргунча у ерларда турли бинолар, иншоотлар қурилиб, маҳаллалар ва поселкалар пайдо бўлишга улгуряпти. Кейин кадастр ҳужжати бўлмаса ҳам коммунал хизматлар уларни тармоққа улаяпти. У ёғига эса одамлар ўзи билганича, баъзан стандартга жавоб бермайдиган тарзда газ тортяпти, қувур улаяпти…
Энди кадастр ҳужжати қилинмаган ерларни коммунал тармоқларга улаб берганлик учун коммунал хизматларга ҳам жавобгарлик белгиланди», — деди бош прокурор ўринбосари Шавкат Жўраев.
Адлия вазирининг сўзларига кўра, уйи «снос»га тушганлар, ҳарбийлар ва бошқа имтиёзли, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ер эмас, пул берилади. Яъни имтиёзлар монетизация қилинади, давлат субсидия беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда «снос»лар туфайли бузилган мулкларнинг 55 фоизига компенсация тўланмагани маълум бўлганди. Шунингдек, ер тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш бўйича кенгаш тузилиши ҳақида хабар берилганди.