Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 10 июнь куни 42 ёшли туман солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари А.А. йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан ўлдирилди, деб ёзмоқда «Эзгулик» жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов.

Кадр: YouTube

«Bugun.uz» ҳолат юзасидан тўлиқ маълумот олиш учун Ички ишлар вазирлиги билан боғланди. Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, соат 00:50 да Каттақўрғон тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари туманнинг Кадан МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-243 автомобиль йўлининг Алишер Навоий ва Мустақиллик кўчалари кесишмасида жамоат тартибини сақлаш бўйича тунги хизмат вазифасини бажараётган вақтида фуқаро А.А. бошқарувидаги «Cobalt» светофорнинг қизил чироғидан тўхтамасдан ўтиб, ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, автотранспортда юқори тезликда ҳаракатланиб, яширинмоқчи бўлган.

Ҳудуддаги 4Р-243 автомобиль йўлининг 7-километрига етганида «Cobalt» йўл қатнов қисмининг ўртасида тўхтаб, ҳайдовчи автотранспортни ташлаб, пиёда қочишга уринган.

Ҳуқуқбузар ходимлар томонидан ушланиб, ўта маст ҳолатда бўлгани гумон қилиниб, тиббий кўрикдан ўтиш учун таклиф қилинганида фуқаро А.А. орган ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, фаол қаршилик кўрсата бошлаган.

Шу вақт оралиғида тиббий кўрикка олиб бориш учун транспорт воситасига ўтказилган фуқаро А.А.нинг соғлиғи ёмонлашиб, воқеа жойига тез тиббий ёрдам хизмати чақиртирилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамай, фуқаро А.А. вафот этган.

Ҳодиса содир бўлган жой Ички ишлар вазирлиги ЎХБ Самарқанд вилояти бўйича бўлими иштирокида туман прокуратураси томонидан кўздан кечирилиб, ҳужжатлаштирилган.

«Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув якуни бўйича жамоатчиликка тўлиқ ахборот берилади. Оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларидан ўрганилмаган, ёлғон ва миш-мишлардан иборат маълумотларни тарқатишдан тийилишларини сўраймиз», дейилади ИИВ хабарида.

Шунингдек, ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳам «Bugun.uz»га маълумот берди. Унда айтилишича, ҳақиқатда туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи 1-ўринбосарининг ўлими юз берган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди. Тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган.