Хитойлик олимлар кўршапалаклар организмида фанга номаълум бўлган коронавируснинг янги штаммларини топди. Бу ҳақда «CNN» хабар берди.

Фото: «The Times»

Маълум қилинишича, аниқланган штаммлардан баъзилари генетик жиҳатдан айни пайтдаги пандемияга сабаб бўлган SARS-CоV-2’га ўхшаш бўлиши мумкин. 

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Хитойнинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Юньнань провинциясидаги кўршапалаклардан топилган коронавирус инфекциясининг янги штаммлари одамларга юқиш хусусиятига эга.

Таъкидланишича, Шаньдун университети олимлари 2019 йил май ойидан 2020 йил ноябригача бўлган давр оралиғида кичик ўрмон кўршапалаклари организмидан намуналар тўплаган ва тадқиқот ишларини олиб борган. Натижада турли хил кўршапалаклар турлари организмида 24 та янги коронавирус геномлари аниқланган, шулардан тўрттасининг эса SARS-CоV-2’га ўхшашлиги маълум бўлган.

Тадқиқот натижаларига асосланган ҳолда мутахассислар ушбу турдаги ҳайвонлар орасида инфекциялар тарқалишда давом этмоқда, деган хулосага келган.

Аввалроқ коронавируснинг барча штаммларини зарарсизлантирадиган вакцина номи маълум бўлган. Шунингдек, испаниялик олимлар коронавируснинг ижобий аломатини аниқлаганди