Олимлар коронавируснинг янги аломатларини маълум қилди
Улар вируснинг мутацияланиши сабабли ўзгаришга учраган
Британиянинг Лондон қироллик коллежи тадқиқотчилари коронавирус инфекциясининг умумий белгилари ўзгаргани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда «Mirros» нашрига таяниб, «МИР24» маълум қилди.

Келтирилишича, Буюк Британиянинг Миллий соғлиқни сақлаш хизмати коронавирус инфекциясининг асосий аломатлари иситма, узоқ муддатли йўтал, ҳид ва таъм йўқолиши деб ҳисоблайди. Аммо олимлар вируснинг мутацияланган шакллари касаллик белгиларининг ўзгаришига олиб келаётгани ва унинг илк белгилари бош ва томоқ оғриғи ҳамда тумов эканини қайд этган.
«Одамлар бу симптомлардан хабардор бўлмайди. Улар буни мавсумий шамоллаш деб ҳисоблайди ҳамда ўзи англамаган ҳолда оммавий тадбирларда қатнашиб, инсонларга юқтиради. Биз инфекциянинг асосий белгиларини ўрганмоқдамиз ва энди улар аввалгиларига ўхшамайди», — деган профессор.
Маълумот ўрнида, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти иситма, қуруқ йўтал ва чарчоқ коронавируснинг асосий белгилари эканини таъкидлаган. Шу билан бирга, ташкилот вирус штаммлари биринчи марта топилган мамлакатларга нисбатан камситилишларга йўл қўймаслик учун коронавирус турларини юнон алифбосидаги ҳарфлар билан номлаганди.
Аввалроқ коронавируснинг яна бир хавфли оқибати аниқланган. Шунингдек, коронавируснинг инсон организмини қайта зарарлаши бўйича тадқиқот ўтказилганди.