АОКАда 12 июнь, шанба куни бўлиб ўтган брифингда Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева Ўзбекистонда 2021 йилнинг ўтган даврида қанча хусусий боғча битим мажбуриятини бажармаганини очиқлади. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Мавлуда Асқархўжаевага кўра, Мактабгача таълим вазирлиги хусусий шерикларга ер участкаси ёки бино ажратилишида ва уни таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш учун имтиёзли кредит маблағлари берилишида кўмаклашган. Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 261-моддасига биноан, қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка — пеня ҳисобланади.

Имзоланадиган битимнинг 6.2-бандига кўра, хусусий шерик томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун бажарилмаган инвестиция мажбуриятлари қийматининг 0,04 фоизи миқдорида, бироқ кечиктирилган инвестиция мажбуриятлари қийматининг 50 фоизидан ошмаган ҳолда давлат шеригига пеня тўлаши белгиланган. Шунингдек, битимда кўрсатилган шартлар баъзи шериклар томонидан бажарилмаган ёки бузилган. Шундан сўнг вазирлик томонидан мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик тўғрисидаги битимлар мажбуриятларини бажармаслик ҳолатлари юзасидан хусусий шерикларга нисбатан иқтисодий судларга даъво аризалар киритилган.

«2021 йилнинг ўтган давр мобайнида судлар томонидан 7 та даъво аризаси кўриб чиқилган. Хусусий шериклар томонидан битимлар буйича мажбуриятлар бажарилмагани ҳамда битимдаги шартлар бузилгани боис уларга нисбатан пенялар қўлланилиб, ундириш бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган», — деди Мавлуда Асқархўжаева.

1. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 22 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Мактабгача таълим вазирлигининг даъво талаблари қисман қаноатлантирилган. Жавобгар «Buyuk Avlod Yulduzlari» НТМ ҳисобидан даъвогар вазирлик ҳисобига 45 000 000 сўм пеня, «Alpomish va Zulfiya izdoshlari» НТМдан 20 000 000 сўм пеня ундирилган.

2. Наманган вилояти Янгиқўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 16 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Мактабгача таълим вазирлигининг даъво талаблари қисман қаноатлантирилган. Жавобгар «Buyuk Avlod Yulduzlari» НТМ ҳисобидан даъвогар вазирлик ҳисобига 20 000 000 сўм пеня ундирилган.

3. Сурхондарё вилояти Шеробод туманлараро судининг 2021 йил 11 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Мактабгача таълим вазирлигининг даъво талаблари қисман қаноатлантирилган. Жавобгар «PATTAYEV ILHOM» ва «SAYROB CHINORI» хусусий корхоналари ҳисобидан даъвогар вазирлик ҳисобига жами 3 042 698 сўм пеня ундирилган.

4. Сирдарё туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 4 мартдаги ҳал қилув қарори жавобгар «Sayxun kichkintoy quvonchi» МЧЖ ҳисобидан даъвогар Мактабгача таълим вазирлиги ҳисобига 29 825 831 сўм пеня ундирилган.

5. Бухоро вилояти Ромитан туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 16 мартдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар «DOCHKI SINOCHKI» НТМ ҳисобидан даъвогар Мактабгача таълим вазирлиги ҳисобига 42 880 000 сўм пеня ундирилган.

Аввалроқ Фарғонада хусусий боғча мудираси ва ошпази пора билан қўлга тушгани маълум қилинган.