Ўзбекистонда 16 ёшли фуқаро паспорт олмагани учун жавобгарлик белгиланганми?
Хориждаги Ўзбекистон консуллик муассасалари 18 ёшга тўлмаган шахсларга ўз вақтида фуқаролик паспортини олмагани сабаб маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида огоҳлантириш юбораётгани юзасидан Адлия вазирлиги ахборот хизмати тушунтириш берди.

Маълум қилинишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига мувофиқ, фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобга турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши ёки эҳтиёт қилиб сақламагани оқибатида йўқотиб қўйгани учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳақиқий бўлмаган яшаш гувоҳномаси билан яшаши, вақтинча ёки доимий пропискасиз яшаши, яшаш гувоҳномасини қасддан яроқсизлантириши, эҳтиёт қилиб сақламагани оқибатида йўқотиб қўйгани учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Бироқ ушбу кодекснинг 223-моддасининг бешинчи ва олтинчи қисмларида ўн саккиз ёшгача бўлган шахс ўн олти ёшга тўлиши муносабати билан ўз вақтида паспорт олмагани учун маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланган. Шу билан бирга, ўн саккиз ёшгача бўлган, Ўзбекистонда доимий яшаётган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ўн олти ёшга тўлиши муносабати билан яшаш гувоҳномасини ўз вақтида олмагани учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди.
Шунга кўра, шахс 16 ёшга тўлиши муносабати билан ўз вақтида паспорт ёки яшаш гувоҳномасини (Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс) ўз вақтида олмагани учун маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
Аввалроқ Ўзбекистонда ID-карта олган фуқароларга давлат хизматлари марказидан фойдаланиш учун паспорт талаб қилинмаслиги ва республикада биргина паспорт билан пенсия тайинлаш йўлга қўйилиши хабар қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда 1 майдан хорижга чиқиш паспортлари ягона портал орқали тақдим этилиши маълум қилинган.