Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги чегарани роботлар қўриқлаши маълум қилинди
Жанубий Корея Шимолий Корея билан чегара ҳудудида энг замонавий сенсорлар ва сунъий интеллект билан жиҳозланган роботларни жойлаштиради. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Давлат мудофаа харидлари агентлигига (ДАПА) таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Маълум қилинишича, қиймати 2,5 миллион доллар бўлган дастлабки 2 робот-чегара қўриқчилари 2021 йилнинг октябрь ойида жанубий ҳудуд бўйлаб жойлаштирилади ва 3 ой давомида тест режимда ишлайди, шундан сўнг улардан оммавий фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Қайд этилишича, роботлар сониясига беш метргача бўлган тезликда махсус рельслар бўйлаб ҳаракатланади ва 24 соат навбатчилик қилади. Ундаги сунъий интеллект камерадаги товушлар ва тасвирларни мустақил равишда таҳлил қилади ва шубҳали ҳаракатлар юз берган тақдирда, операторларга хабар беради.
«Роботлардан фойдаланиш янада кучлироқ ҳамда узлуксиз кузатув ўрнатишга, энг муҳими, Жанубий Корея қўшинларининг жанговар тайёргарлигини оширишга имкон беради», дейилади агентлик баёнотида.
Аввалроқ Жанубий Корея президенти давлат корпорацияси ходимлари билан боғлиқ коррупция сабаб кечирим сўрагани хабар берилган. Шунингдек, мамлакат олимлари кучли лазер яратгани маълум қилинганди.