Дунё иқтисодиёти ишчилардаги стресс сабаб ҳар йили қанча пул йўқотиши маълум бўлди
АҚШнинг «Gallup» жамоатчилик фикри институти таҳлилчилари «State of the Global Workplace» тадқиқоти асосида дунё иқтисодиёти ишчилардаги стресс оқибатида ҳар йили қанча пул йўқотишини аниқлади. Бу ҳақда тадқиқот натижаларига асосланиб, «Zakon» хабар берди.

Ҳисоб-китобларга кўра, ишчилардаги стресс ҳар йили глобал иқтисодиётга 8,1 триллион доллар миқдорида зарар етказади.
Маълум қилинишича, ҳар 10 та ходимдан 7 таси иш жойида қийинчиликларга дуч келмоқда, дунё бўйлаб фаолият юритувчи ишчиларнинг 80 фоизида эса ишчанлик руҳи тушиб кетган. Шу сабабли меҳнат унумдорлиги пасайган, оқибатда жаҳон иқтисодиёти ҳар йили ЯИМнинг деярли 10 фоизини йўқотмоқда.
Таъкидланишича, пандемия фонида бу ҳолат янада кучайган. Хусусан, ходимларнинг ишга жалб этилиши 20 фоизгача камайган. Тахминан 45 фоиз ишчилар пандемиянинг салбий оқибатларига дуч келган, 53 фоиз ишчилар ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлган. Айни пайтда эса 43 фоиз ишчилар иш жараёнида деярли ҳар куни стрессни бошдан кечирмоқда, 41 фоиз ишчида эса ғазаб ва қайғу кузатилмоқда.
Тадқиқотга кўра, стресснинг энг оғир даражаси Қўшма Штатлар ва Канададаги ишчиларда қайд этилган, улардаги стресс даражаси 2020 йил давомида 8 фоизга кўтарилиб, 57 фоизга етган.
Қайд этилишича, агар ҳозирдан компаниялар ҳамда тадбиркорлик субъектлари бу борада керакли чораларни амалга оширмаса, иқтисодий ўсиш кўрсаткичи янада пасаяди, бу ўз навбатида, глобал тизимга салбий таъсир кўрсатади.
Аввалроқ дунёда хорижий сармояларнинг катта қисми қайси давлатга тўғри келгани маълум бўлганди. Шунингдек, дунё бўйлаб солиқ тизимида глобал ўзгаришлар бўлиши хабар қилинган.