«Ҳеч бир спорт тури велоспортчалик мамлакатни машҳур қила олмайди» — Азиз Абдуҳакимов
Туризм ва спорт вазирлиги биносида 15 июнь, сешанба куни Осиё велоспорт конфедерацияси президенти билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Тадбирда бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва АCC президенти Осама Аҳмат ал-Шафар ҳамда бир қатор расмийлар иштирок этди. Унда велоспортни ривожлантириш, АCC ва Ўзбекистон велоспорт федерацияси ўртасида халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистонда велоспорт бўйича халқаро мусобақаларни ташкил этиш, шу орқали туризм имкониятларини оширишга доир масалалар кўриб чиқилди.
«Велоспорт тури яқин йилларда Ўзбекистонда энг оммабоп спорт турига айланиши кутилмоқда. Шу каби тадбирлар мазкур спорт турининг оммабоплигини оширишга хизмат қилиб, айни вақтда сайёҳларни ҳам мамлакатимизга жалб қилади. Ҳеч бир спорт тури велоспортчалик мамлакатни машҳур қила олмайди. Чунки кўплаб спорт турлари бир майдоннинг ўзида ўтади. Велоспорт эса бир нуқтадан иккинчи нуқтага кўчиш демакдир.

Шу билан бир қаторда, камера ва дронлар чиройли табиат ва пейзажни суратга туширади. Бу орқали тарихий объектларни, анъаналарни кўрсатиш мумкин, шунингдек, табиатнинг гўзал манзараларини, умуман, маданиятимизни ёритишда яхши восита ҳисобланади.
Ўйлайманки, велоспорт бўйича йирик мусобақаларга мезбонлик қилиш спорт турида ўсишга эришиш билан бир қаторда, туризмни ҳам тарғиб қилади. Шу мақсадда биз бугун Осиё велоспорт федерацияси президенти билан бир қатор мусобақалар хусусида суҳбат қурдик», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Хусусан, вазирнинг таъкидлашича, Ўзбекистон жаҳоннинг бир қатор мамлакатларида бўлиб ўтадиган «Tour de France», «Giro d’Italia» спорт мусобақалари каби ўз брендига эга бўлади. Ушбу турнирлар миллионлаб томошабинларни ўзига жалб қилади, шунингдек, туристик потенциалнинг ошишига хизмат қилади.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистон бренди устида ўйланмоқда. Бунда у молиявий ва маркетинг сиёсати муҳимлигини инобатга олиб, халқаро экспертлар кўмаги олинишини қайд этди.
Аввалроқ Азиз Абдуҳакимов учта меҳмонхона раҳбариятига субсидия сертификатларини топширгани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Тошкентда велосипедларни ижарага бериш тизимининг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилгани маълум қилинган.