Ланка федерацияси. «Қарабтеп» (ланка) ўйини тарихини биламизми?

Яқинда матбуотда Ўзбекистонда «Қарабтеп», яъни халқ орасида ланка номи билан машҳур бўлган халқ ўйини спорт федерацияси ташкил қилиниши ҳақида қарор қилингани ҳақида хабар чиқди. Бундан кўзланган мақсад «Қарабтеп» оддий халқ ўйини эмас, балки спорт тури сифатида янада оммалаштириш ва яқин келажакда жаҳонга олиб чиқиш эканлиги таъкидланди. Шунингдек, июнь-июль ойларида Ўзбекистон бўйлаб ташкил қилинаётган «Қарабтеп» халқ ўйини мусобақалари республиканинг камида 5 миллион аҳолисини қамраб олиши режалаштирилаётгани ҳам маълум қилинди.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги

Мазкур ўйин қандай пайдо бўлган? «Ланка» («Қарабтеп») сўзи нимани англатади? У яна қаерларда ўйналади? Федерация ташкил қилиш, унга алоҳида эътибор бериш қанчалик аҳамиятли ва нимаси билан муҳим? Албатта, ушбу қадамнинг сабаблари ва турткилари кўпчиликка қизиқ бўлиши табиий. Унинг тарихи, «Қарабтеп» сўзининг этимологияси бошқа спорт турлариникидан анча қизиқ.

Юқоридаги ва баъзи шунга ўхшаш саволларга жавоб топиш мақсадида «Bugun.uz» Ўзбекистон Республикаси Фанлар академия Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, эксперт Феруза Жуманиёзовага мурожаат қилди. Эксперт бизга «Қарабтеп» ўйини ҳақида батафсил сўзлаб берди. Қуйида унинг фикрларини тақдим этамиз.

Кўпчилик бу ўйиннинг тарихидан яхши хабардор бўлмаса керак. Мутахассисларнинг ёзишича, тепиб ўйналадиган халқ ўйинларининг тарихи бундан 7 минг йил олдинги замонларга бориб тақалади. «Қарабтеп» (ланка) ўйини ҳам шундай қадимий халқ ўйинларидан бири саналади. Бу ўйин нафақат Марказий Осиёда, балки Хитой, Шимолий Кавказ, Сибир ҳамда Европада ҳам кенг тарқалган. Баъзи тадқиқотчилар ушбу ўйиннинг Ўрта Осиёга Шарқий Туркистондан кириб келганини таъкидлашади. Хитой манбаларида эса ланкага ўхшаган тепиб ўйналадиган ўйин ижодкорлари «шимоллик барбарлар», яъни илк турклар экани ҳақида маълумот келтирилган. «Қарабтеп» (ланка) ўйини Хитойга уларнинг ғарбий қўшнилари — туркий халқлар орқали бориб қолган деб хулоса қилиш мумкин.

Фото: «karatewkf.uz»

«Ланка» сўзининг маъноси эроний сўз — «ланг»дан келиб чиққан бўлиб, «чўлоқ» деган маънони англатади. Чунки бу ўйинда ўйинчи ўзини чўлоқдек тутиб, бир оёғини ерга теккизмасдан, ҳавода ланкани тепиб, ерга туширмасликка ҳаракат қилади. Аслида, бу ўйин қадимда «тепук» деб номланган, яъни бу ном «тепиш» феълидан келиб чиққан. XI асрда яшаб ижод этган Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида қўрғошин эритилиб, урчуқ айланаси каби думалоқ ўртаси тешикли қилиб қуйилиб, устига эчки юнги ёки унга ўхшаган нарса билан қопланган, болалар тепиб ўйнайдиган юнгли тепгичга «тепук» деб айтилишини ёзган. Яна бир манбада, яъни XIV асрга оид форс тилида ёзилган ибн Муҳанна луғатида ҳам ушбу ўйин номи тилган олинади. Замонлар ўтиб, тепук ўйинининг номи ўзгариб, ланка ёки қарабтеп деб атала бошланган. Бироқ бу ном Урумчи ва Қошғарда яшовчи уйғурлар орасида «тепкуч» номи билан  сақланиб қолган. ХХ аср бошларида Шарқий Туркистонда ўтказилган этнографик тадқиқотларда ўйналиши ланкани, яъни «тепук»ни эслатадиган «тепкуч» ўйини ҳақида маълумотлар берилган.   

Баъзи тадқиқотчилар Маҳмуд Кошғарий келтирган «тепук» ўйинини туркий халқлар ўйин маданиятида футбол ёки бадминтон (туйтоп) ўйинининг илк кўринишлари деб баҳолайдилар. Бироқ ундай эмас. Қадимги тепук ўйини бу айнан ланка «қарабтеп»нинг архаик шаклидир. Чунки ланка футбол тўпига ўхшамайди, бадминтон эса ракетка билан ўйналади. Тепук бугунги кунда фақат номи ўзгарган деб қабул қилиш мақсадга мувофиқ.     

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги

Бу ўйиннинг ижодкорлари кўчманчи халқлар ёки турмуш тарзида чорвачилик муҳим ўрин тутган халқлар бўлиши эҳтимоли юқори. Чунки юнги узунроқ ўсган теридан ҳар томонлама бир сантиметр катталикда айлана шаклида текис қилиб қайчи ёки пичоқда кесиб олиниб, терининг юнгсиз орқа томонига, яъни тагига йирикроқ ип ўтадиган тешикли танга (теридан сал кичикроқ) ёки ялпоқ металл ёпиштирилиб, сим ёки ип билан боғланиб мустаҳкамланган ланка асосий восита ҳисобланади. Шунингдек, ўйин асосан очиқ майдонларда, кўча ва далаларда, қир ва адирларда ўйинчилар сони чегараланмасдан ўйналаверган.

Бугунги кунда номоддий мерос — этноспорт, миллий ва аънанавий ўйинларни ривожлантириш, сақлаб қолиш ва келажак авлодга етказиш мақсадида дунёда ва мамлакатимизда кўплаб амалий ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда «Қарабтеп» ёки иккинчи номи ланка бўлган халқ ўйини ўзбеклар билан бирга қўшни қозоқлар, қирғизлар, тожиклар ўртасида ҳам оммалашган бўлиб, ўсмирлар томонидан севиб ўйналиб келинмоқда. Уни янада ривожлантириш халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланган миллий ўйинларига қайта ҳаёт бахш этиш билан баробардир.

«Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси Қашқадарё филиали собиқ бошлиғи 1,8 млрд сўмни ўзлаштиргани аниқланди
Янгиликлар22:43 | 26.1.23
«Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси Қашқадарё филиали собиқ бошлиғи 1,8 млрд сўмни ўзлаштиргани аниқланди
Ўзбекистон банкоматларида Humo ва Uzcard интеграция қилинади
Янгиликлар22:10 | 26.1.23
Ўзбекистон банкоматларида Humo ва Uzcard интеграция қилинади
Андижонда қариндоши томонидан аёл ва унинг вояга етмаган жияни ўлдириб кетилди
Янгиликлар21:42 | 26.1.23
Андижонда қариндоши томонидан аёл ва унинг вояга етмаган жияни ўлдириб кетилди
Бугун оқшоми. Қирғизистонга ташриф буюрган Мирзиёев, муаллифлар мафияси ҳақида гапирган Алламжонов ва аномал совуқ сабаб киритилган чекловларнинг бекор қилиниши
Янгиликлар21:00 | 26.1.23
Бугун оқшоми. Қирғизистонга ташриф буюрган Мирзиёев, муаллифлар мафияси ҳақида гапирган Алламжонов ва аномал совуқ сабаб киритилган чекловларнинг бекор қилиниши
Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга борди — фото
Янгиликлар19:31 | 26.1.23
Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга борди — фото
Россия ҳукумати яна 200 минг кишини сафарбарликка жалб этишни режалаштирмоқда. Кремль расмийлари бу маълумотни рад этмоқда
Янгиликлар18:38 | 26.1.23
Россия ҳукумати яна 200 минг кишини сафарбарликка жалб этишни режалаштирмоқда. Кремль расмийлари бу маълумотни рад этмоқда